Валюта курслари 22/08/2025
$1 – 12413.79
UZS – -0.42%
€1 – 14468.27
UZS – -0.34%
₽1 – 154.86
UZS – -0.36%
Қидириш
Иқтисод 21/08/2025 “UzHydroPower” Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида стратегик етакчи ҳисобланади

“UzHydroPower” Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида стратегик етакчи ҳисобланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган “UzHydroPower” заводи юртимизда маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш ҳамда иқтисодий мустақилликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

“UzHydroPower” заводи – Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхона бўлиб, бугунги кунда қуввати 1 кВт дан 40 МВт гача бўлган замонавий гидроагрегатлар, турбиналар, генераторлар, сув насос агрегатлари ва сув омборлари учун металл конструкциялар ишлаб чиқаришни амалга оширмоқда.

Ушбу завод ўз ихтисослиги бўйича, яъни гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича нафақат Марказий Осиёда, балки дунё бўйича ҳам саноқли заводлар қаторига киради.

Бугун, 21 август куни Жамият Ахборот хизмати томонидан мамлакатимизнинг бир гуруҳ босма ва электрон ОАВ вакиллари, телевидение, радиоканаллар муҳаррирлари ва журналистлар учун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “UzHydroPower” қўшма корхонасига пресс-тур ташкил қилинди.

Заводда қуввати 40 МВтгача бўлган гидроагрегатлар ҳамда соҳа учун зарурий эҳтиёт-қисмлар “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида маҳаллийлаштириш доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда.

Маҳаллийлаштириш даражаси – 72%

Заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таркибида камида 72 фоиз маҳаллий компонентлардан фойдаланилади. Бу эса, мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини кенгайтириб, иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш даражасини ошириш, импортга бўлган эҳтиёжни камайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қиляпти.

Рақобатбардош нарх ва экспорт салоҳияти

“UzHydroPower”да ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар (гидроагрегатлар, эҳтиёт қисмлар) нархи:

Хитойда ишлаб чиқарилган ўхшаш ускуналарга нисбатан 12% арзон;

Россия ишлаб чиқарувчиларига нисбатан 27% арзон.

Яқин истиқболда, яъни келгуси 2026 йилдан бошлаб завод маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Техник салоҳият ва лойиҳалар

Заводда 5 та ишлаб чиқариш цехи мавжуд бўлиб, 80 дан ортиқ замонавий ускуналар ўрнатилган. Ҳозирда 255 нафар мутахассис фаолият юритмоқда, яқин келажакда бу кўрсаткични 350 нафарга етказиш режалаштирилган.

Завод ишчи-ходимлари учун барча шарт-шароитлар ва маиший қулайликлар (ошхона, 100 кишилик ётоқхона, дам олиш зоналари, спорт майдончалари, очиқ сузиш ҳавзаси) яратилган.

Заводда “устоз-шогирд” анъанаси асосида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. 7 нафар салоҳиятли ёш мутахассислар Хитойда 3 ойлик малака ошириш курсларида иштирок этиб қайтишди, шунингдек, 60 нафар ходимни хорижда ўқитиш режалаштирилган.

Юртимиз гидроэнергетикасида янги босқич

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида 430 МВт қувват яратилди ва умумий қувват 2,3 ГВтга етказилди. “UzHydroPower” томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар Қорақалпоғистон ва Сурхондарё вилоятларидаги 10 га яқин кичик ГЭСда муваффақиятли ишга туширилди.

Ҳозирги кунда заводда Жамият томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, хусусан, йирик лойиҳалар – “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳаси (90 МВт) ҳамда Норин дарёсида Норин ГЭСлар каскади қурилиши лойиҳаси (228 МВт) учун зарурий жиҳозлар ҳамда эҳтиёт қисмлар тайёрлаб, етказиб берилмоқда.

Яқин истиқболда “UzHydroPower” – Ўзбекистонни дунёда гидроагрегатлар ишлаб чиқарадиган етакчи мамлакатлар қаторидан жой олишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг