“Uzbek Overseas Geology Company” Афғонистонда геологик-қидирув ишларини бошлади
“Uzbek Overseas Geology Company” Афғонистонда геологик-қидирув ишларини бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Uzbek Overseas Geology Company” Афғонистон ҳудудида геологик-қидирув лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Ишлар Муҳаммад-Жандагар, Шамар ва Аҳмадобод блокларида олиб борилиб, углеводород ресурслари, шунингдек темир ва мис конларини аниқлашга қаратилган.
Балх вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мавлавий Нурул Ходи Абу Идрис ҳамда компания бош директори Хайитбой Омонов иштирокида геологик-қидирув ишларига расман старт берилди. Компания афғон томони билан олиб борилган музокаралар якунида тегишли лицензияни қўлга киритди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Амирлигининг Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлиги ўртасида илгари имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида амалга оширилмоқда. Томонлар геология ва тоғ-кон саноати йўналишида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.