Валюта курслари 25/07/2025
$1 – 12653.48
UZS – -0.85%
€1 – 14871.64
UZS – -0.71%
₽1 – 159.75
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 25/07/2025 UzAuto Motors Powertrain CSS Prime цилиндр блокларини Лотин Америкасига экспорт қилмоқда

UzAuto Motors Powertrain CSS Prime цилиндр блокларини Лотин Америкасига экспорт қилмоқда

(photo UzAuto Motors Powertrain)

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йилнинг декабрь ойидан бошлаб, UzAuto Motors Powertrain CSS Prime цилиндр блокларини Лотин Америкасига экспорт қилишни бошлади. Умумий етказиб бериш ҳажми 40 минг дона, қиймати эса 4,9 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Бундай муваффақиятга 2022 йилда корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари сезиларли даражада кенгайтирилганидан сўнг эришилди. Мазкур даврда Chevrolet Onix вa Chevrolet Tracker моделлари учун мўлжалланган Генерал Моторс технологияси асосида замонавий 1,2 литрли атмосферали ва турбинали двигателлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган CSS Prime йиғиш линияси ишга туширилди. Маҳсулотлар иқтисодий самарадорлик, унумдорлик ва ишончлилик бўйича замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради.

Бундай ютуқлар замирида ишлаб чиқариш технологияларининг тизимли ривожланиши ва сармояларнинг киритилиши ётади. UzAuto Motors Powertrain томонидан 1,2 ва 1,5 литрли 2-авлод Б-ДОҲС бензинли двигателларининг оммавий ишлаб чиқарилиши 2012 йилнинг июль ойида йўлга қўйилган эди. Ҳозирги кунда ушбу куч агрегатлари қувват ва ёқилғи тежамкорлиги ўртасидаги оптимал мувозанатни таъминлаб, Чевролет Собалт автомобилларига (илгари эса - Spark, Nexia 3 вa Gentra моделларига) ўрнатилмоқда.

Технологияларнинг доимий тарзда янгиланиб бориши UzAuto Motors Powertrain юқори натижаларида муҳим аҳамият касб этади. Корхонада HPDC юқори босимда қуйиш линияси жорий қилинган бўлиб, бу CSS Prime цилиндр блокларининг юқори аниқликдаги қуйма қисмларини ишлаб чиқаришга имкон беради. Цилиндр каллаклари учун эса гравитацион қуйиш технологияси қўлланилади, бу эса уларнинг мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Барча механик ишлов босқичлари эса рақамли дастурли бошқарувга (ChPU) эга станокларда амалга оширилади - бу юқори аниқликни ва халқаро талаблар даражасига мувофиқлигини кафолатлайди.

Таъкидлаш жоизки, UzAuto Motors Powertrain минтақадаги ўзига хос саноат маркази саналади. Бугунги кунда бу Марказий Осиёда ягона завод бўлиб, алюминий қуйма тайёрлашдан тортиб, механик ишлов бериш ва якуний йиғишгача бўлган двигатель ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли амалга оширилади. Бундай ёндашув логистика харажатларини сезиларли даражада камайтиришга, шунингдек, ишлаб чиқариш таннархини бошқа давлатлардаги ўхшаш корхоналар билан солиштирганда 10-20% паст сақлаб қолиш имконини беради.

Шу сабабли, UzAuto Motors Powertrain маҳсулотлари халқаро бозорларда муваффақиятли рақобатлашмоқда ва глобал стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бундан ташқари, маҳаллий меҳнат ресурслари ва энергия манбаларидан фойдаланиш ташқи омилларга боғлиқликни камайтириб, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг