Уста деҳқонларга 75 млн сўмгача субсидия берилади
Уста деҳқонларга 75 млн сўмгача субсидия берилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари жорий этилади:
юқори даромадли маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида уста деҳқонларга ҳар 10 та хонадонни ихтисослаштирганлиги учун 2 млн сўм ҳамда маҳалладаги хонадонларнинг 30 фоизини ихтисослаштирганлиги учун 75 млн сўм миқдорида субсидия;
томорқа ва ижара ер майдонларидаги самарасиз эски боғларни реконструкция қилиш ва янгиларини барпо этиш учун қуйидаги субсидиялар:
cертификатга эга мевали дарахт кўчати нархининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир кўчат учун мева турига қараб 30 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
меваларнинг турига қараб ҳар бир ўрнатилган тиргак (устун) нархининг 50 фоизи, бироқ 70 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
ҳар бир сотихга ёмғир сувини йиғиш ва (ёки) томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш учун 160 минг сўмгача миқдорда;
сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда томорқа ва ижара ер майдонларини суғориш учун тик қудуқларни бурғилаш ва қуввати 10 кВт соатдан кам бўлмаган қуёш панелини ўрнатиш учун харажатларнинг 70 фоизи, бироқ 200 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади.
Қарорга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:
маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга (ўзини ўзи банд қилган шахсларга) гаров таъминотисиз ажратиладиган кредитлар миқдори 50 млн сўмгача оширилади;
чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва моллари хариди ва туячилик учун кредит миқдори 100 млн сўмгача оширилади;
туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда уй меҳмонхоналарини ташкил қилиш ҳамда ихтисослашуви 50 фоиздан юқори маҳаллаларда маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун минитехнологиялар сотиб олишга 150 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;
ажратиладиган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни олдиндан етказиб бериш талаби бекор қилинади.
2026 йил 1 мартдан тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган “маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг бир қисмига қуйидаги тартибда компенсация тақдим этилади:
маҳсулот етиштиришга қаратилган лойиҳалар бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 4 фоизлик пункти;
қўшимча қиймат яратадиган қайта ишлаш лойиҳалари бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоизлик пункти.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан “маҳалла еттилиги” хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
2026 йил 1 мартдан оғир тоифадаги туманларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратиб борилади.
2026 йил 1 мартдан хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси туман ва шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбий таълим сифатини оширишга йўналтирилган қуйидаги турдаги субсидиялар жорий этилади:
ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатлар, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;
малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорларга харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.