Урсула фон дер Ляйен ЕИ ва Марказий Осиё ўртасида стратегик ҳамкорлик бошланганини эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган биринчи «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен икки минтақа ўртасида стратегик ҳамкорлик бошланганини ва 12 миллиард евро миқдоридаги маблағ ажратиладиган Global Gateway стратегиясининг йўлга қўйилганини маълум қилди.
«Марказий Осиё — бу бой тарих ва улкан режаларга эга минтақадир. Бу ерда суверен давлатлар жойлашган. Сизнинг стратегик жойлашувингиз глобал савдо йўллари ва инвестиция оқимларига кенг йўл очади. Бу янги инвестициялар суверенитетингизни мустаҳкамлайди, иқтисодиётларингизни кучайтиради ва, энг муҳими, яқин дўстона алоқаларни шакллантиради. Биз, европаликлар, сизнинг узоқ тарихингиздаги муҳим босқичда ҳамкор бўлишга интиламиз. Бугун биз Марказий Осиё ва Европанинг янги стратегик ҳамкорлиги пойдеворини қўяяпмиз», — деди Урсула фон дер Ляйен.
У бу ҳамкорлик минтақалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаб, энергетика, хавфсизлик, рақамли ривожланиш ва туризм каби соҳаларда янги имкониятлар яратишини таъкидлади.
«Ишончли ҳамкорлар бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Бизнинг стратегик ҳамкорлигимиз — бир-биримизни қўллаб-қувватлаш мажбуриятидир», — дея қўшимча қилди у.
Янги ҳамкорлик доирасида фон дер Ляйен тўртта асосий ҳамкорлик йўналишини белгилади:
Биринчи йўналиш — транспорт коридорларини ривожлантириш. Европа Иттифоқи Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш учун 10 миллиард евро ажратишини тасдиқлади. Бу йўл Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги сафар вақтини икки баравар қисқартиради — 15 кунгача. 2025 йилда Ўзбекистонда мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашга бағишланган инвестиция форуми ўтказилади.
«Дунёдаги тарқоқлик кучайиб бораётган шароитда Транскаспий коридори Марказий Осиё ва Европани боғловчи кўприкка айланади. Аммо инфратузилма қуришнинг ўзи етарли эмас. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ичида чегараларни очиш ҳам Қора денгизга чиқиш учун зарур. 30 йиллик ёпиқликдан сўнг Арманистоннинг Туркия ва Озарбайжон билан чегараларини очиши Европа ва Марказий Осиё яқинлашуви учун муҳим қадам бўлади», — деди Европа комиссияси раҳбари.
Иккинчи йўналиш — муҳим хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорлик. Марказий Осиёда марганец, литий ва графит каби муҳим минерал захиралари мавжуд. Европа Иттифоқи минтақада қайта ишлаш саноатини ривожлантиришда ҳамкор бўлишни таклиф қилмоқда. Европалик компаниялар аллақачон Олмалиқдаги мис конларига 1,6 миллиард евро инвестиция киритган — бу ерда фақат қазиб олиш эмас, балки қайта ишлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
«Биз янада кўпроқ иш қилишимиз мумкин — бутун қиймат занжири бўйича маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, лабораториялар очиш ва кадрлар тайёрлаш. Бу халқларимиз ва келажак авлодларимиз манфаатларига хизмат қиладиган ҳақиқий ҳамкорликдир», — таъкидлади Урсула фон дер Ляйен.
Шу билан бирга, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди, Ниятлар тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилинди. «Марказий Осиёнинг хомашё соҳасидаги стратегик мустақиллиги Европанинг муҳим стратегик манфаатларидандир», — деди у.
Учинчи йўналиш — “яшил энергетика”ни ривожлантириш. Бунга шамол, қуёш, гидро ва геотермал энергетика киради. ЕИ Тожикистондаги Роғун ГЭС ва Қирғизистондаги Камбаратин ГЭС каби йирик лойиҳаларда иштирок этмоқда. Бу Марказий Осиёни “тоза энергия маркази”га айлантиради.
Тўртинчи устувор йўналиш — рақамли алоқа ва сунъий йўлдош интернети. Европа Иттифоқи сунъий йўлдош дастурини бошлади. Бу дастур Қозоғистондаги 2000 мактаб ва юзлаб қишлоқларни интернет билан таъминлайди. Яқин йилларда бутун минтақа бўйлаб 1700 та аҳоли пункти интернетга уланади.
«Марказий Осиё денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин, аммо у албатта космосга чиқиш имкониятидан маҳрум эмас. Космос бу минтақанинг дунёга янги йўлига айланиши мумкин», — деди Урсула фон дер Ляйен.
Ушбу ташаббус доирасида Global Gateway инвестиция пакети тақдим этилди. Унинг умумий қиймати 12 миллиард евро бўлиб, қуйидагича тақсимланади:
транспорт — 3 миллиард евро,
муҳим минераллар — 2,5 миллиард евро,
гидроэнергетика ва иқлим — 6,4 миллиард евро,
сунъий йўлдош интернети — 100 миллион евро.
«Биз бу ёндашувни “Европа жамоаси” деб атаймиз. Бу пакет Марказий Осиё учун янги имкониятларни очади ва минтақаларимиз ўртасидаги дўстликнинг янги даври бошланишининг белгисидир», — дея хулоса қилди Европа комиссияси раиси.
Қўшимча равишда, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2027 йилгача муҳим минераллар ва қайта тикланувчи энергетика соҳалари бўйича 7–8 миллиард евро миқдорида лойиҳалар ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Европа инвестиция банки (ЕИБ) эса Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан бир қатор меморандумлар имзолашни ҳамда барқарор транспорт, сув ресурслари ва иқлим ўзгаришига бардошлилик соҳаларида 365 миллион евро ажратишни кўзламоқда.