UNFPA ва “UZINFOCOM” соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида рақамли трансформация учун кучларни бирлаштирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва “UZINFOCOM” — давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — Ўзбекистонда репродуктив саломатлик хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини рағбатлантириш ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида рақамли инновациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумини имзолади.
Меморандумнинг мақсади — томонларнинг умумий манфаатга эга соҳаларда ҳамкорлиги учун пойдевор яратиш, аҳоли саломатлиги ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш, режалаштириш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли учун сифатли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир.
Ҳамкорлик соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида рақамли технологияларни жорий этиш ва АКТ ечимларини ишлаб чиқиш орқали аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган қўшма ҳаракатларни қамраб олади. Жумладан:
демографик кўрсаткичлар ва аҳоли саломатлигини мониторинг қилиш учун рақамли платформалар ва тизимларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;
рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари бўйича маълумотларга кириш имкониятларини кенгайтириш дастурларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш;
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар тизимлари самарадорлигини ошириш учун замонавий АКТ ечимларини жорий этиш.
Ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:
Билим ва тажриба алмашиш
Томонлар рақамли технологиялар соҳасидаги тажриба ва илғор усулларни соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳаларида татбиқ этиш мақсадида қўшма семинарлар, конференциялар ва ишчи учрашувлар ўтказади.
Лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш
Рақамли платформалар орқали сифатли тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режалаштирилган.
Таҳлил ва тадқиқот фаолияти
Томонлар демографик мониторинг ва аҳоли саломатлиги ҳолатини баҳолашни такомиллаштиришга қаратилган таҳлил ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
“Рақамли технологиялар ахборот ва хизматлардан адолатли фойдаланишни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. “UZINFOCOM” билан ҳамкорлик бизга, айниқса, аёллар, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган инновациялардан фойдаланиш имконини беради”, — деди UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзода.
Ушбу ҳамкорлик “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари – аёллар ва ёшлар саломатлигини муҳофаза қилиш, минтақалараро тенгсизликларни камайтириш, рақамли ечимларни жорий этиш, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг имкониятларини кенгайтиришга тўлиқ мос келади.
Ҳамкорлик Ўзбекистонда барқарор, замонавий ва инклюзив соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
UNFPA Ўзбекистондаги ваколатхонасини 1993 йилда очган. UNFPA ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Ҳукумат ўртасидаги Асосий ёрдам тўғрисидаги стандарт битим (SPAA) асосида амалга оширилади. Ушбу битим агентликлар томонидан ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш шартларини белгилайди.
UNFPA ҳозирда Ўзбекистонда 2021–2025 йилларга мўлжалланган бешинчи мамлакат дастурини амалга оширмоқда. Стратегик режага мувофиқ, UNFPA қуйидаги йўналишларга эътибор қаратишда давом этмоқда:
Репродуктив саломатлик ва ҳуқуқларни мустаҳкамлаш
Аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш
Аҳоли динамикаси ва барқарор ривожланиш ўртасидаги боғлиқлик
Ўсмирлар ва ёшлар билан ишлаш
“UZINFOCOM” — Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида етакчи компания ҳисобланади. Компания 20 йилдан зиёд вақт мобайнида давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, илғор технологияларни жорий этиш соҳаларида ўнлаб йирик лойиҳаларни амалга оширган. Электрон ҳукумат ва биометрик идентификациядан тортиб соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, шунингдек .UZ миллий домен зонаси ва замонавий маълумотлар марказлари фаолиятини таъминлашгача бўлган соҳаларда рақамли трансформацияни жадаллаштиришда фаол иштирок этган.