UNDESA билан рақамли ҳукумат йўналишида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти (UNDESA)нинг Рақамли ҳукумат бўлими бошлиғи Винченсо Акуаро билан учрашди.
Учрашувда давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, электрон платформалар орқали давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, идоралараро интеграция ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда сунъий интеллектни бошқарув жараёнларига интеграциялаш масалалари муҳокама қилинди.
Бунда, фуқароларга жамоатчилик муҳокамаларида иштирок этиш, таклифлар киритиш, ташаббус ва таклифларни кўриш учун янги имкониятлар яратадиган Миллий электрон иштирок порталининг имкониятлари бўйича (muloqot.gov.uz) тақдимот қилинди. Ўз навбатида, Винченсо Акуаро мамлакатимизда рақамлаштириш орқали давлат органлари фаолияти очиқлик сиёсати асосида амалга оширилаётганини ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашув якунида давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари учун БМТнинг электрон ҳукумат индекси методологиясидан фойдаланган ҳолда давлат хизматлари сифатини ошириш бўйича семинар ташкил этиш, БМТнинг электрон ҳукумат индекси методологиясидан фойдаланган ҳолда давлат органларида пилот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.