Украинада оғир вазиятга тушиб қолган 19 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Элчихонаси Украина миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилотининг Украина ва Молдова офислари билан ҳамкорликда Киев вилоятида оғир вазиятга тушиб қолган 19 нафар мамлакатимиз фуқароси Ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Киев вилоятидаги иссиқхоналардан бирида қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимиз ҳақидаги маълумотлар Украина матбуотида 18 сентябрь куни пайдо бўлган эди. Ушбу ҳолат дарҳол мамлакатимиз дипломатлари томонидан назоратга олинди.
Ўзбекистон элчихонаси томонидан фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг Украинадан хавфсиз чиқиб кетишлари учун ҳужжатлаштириш ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш бўйича кенг қамровли чораларни қисқа муддатда ташкил этилди.
Музокаралар натижасида барча 19 нафар фуқарога расман "жабрланувчи" мақоми берилди, бу эса Украина қонунчилигига асосан уларга нисбатан ҳар қандай санкцияларнинг қўлланилишини тўлиқ истисно этди.
ХМТнинг Украина ва Молдова офисларининг бевосита молиялаштириши остида Ўзбекистон фуқаролари 28 октябрь куни Киевдан Кишинёвга автобусда етказилди.
Молдова пойтахтида юртдошларимиз хавфсиз яшаш шароитлари, озиқ-овқат ва зарур ёрдам билан таъминланди. 2 ноябрь куни барча 19 нафар ватандошимиз ХМТ вакиллари ҳамроҳлигида Кишинёв–Истанбул–Урганч йўналишида парвозни амалга ошириб, 3 ноябрь куни Ўзбекистонга соғ-саломат етиб келдилар.
Фуқароларнинг Ватанга қайтарилиши Ўзбекистон дипломатиясининг хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тизимли ишларининг навбатдаги муваффақиятли намунаси бўлди.
Ўзбекистон элчихонаси ватандошларимизнинг қонуний ҳуқуқлари бузилишига доир ҳар қандай ҳолатларга тезкор жавоб бериб, уларнинг ушбу мамлакатдаги манфаатларини ҳимоя қилишда давом этмоқда.