Учтепа суди блогер Алишер Турсуновни 2,5 йилга озодликдан маҳрум этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 8 октабр куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди диний блогер, Azon Global портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга қарши ишни кўриб чиқишни якунлади.
Аввал судланмаган, 51 ёшли Наманган вилояти фуқароси жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилди.
Суд ҳукмига кўра, Турсунов миллатлар, ирқлар, этник гуруҳлар ёки динлар ўртасида адоват уйғотиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш, шунингдек диний материалларни ноқонуний равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ва тарқатиш айбида айбдор деб топилди.
Юмшатувчи ҳолатлар инобатга олинган ҳолда, суд унга умумий тартибдаги колонияда икки ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Бундан ташқари, суд қарорига мувофиқ, Mubaşşir Ahmad ва Azon Global номли саҳифалар ҳамда каналларнинг Facebook, Instagram, Telegram ижтимоий тармоқларидаги фаолияти, шунингдек YouTube видеохостингидаги фаолияти тўсилади.
Томонлар қонун билан белгиланган тартибда ҳукмдан норози бўлган тақдирда, уни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъатига шикоят тариқасида тақдим этиш ҳуқуқига эга.