U-20 Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилади
U-20 Жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “2027 йилги футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2027 йилда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини ташкил этиш ва ўтказишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ўтказиш;
Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси талабларига мувофиқ зарур бўлган инфратузилмани яратиш;
Жаҳон чемпионати иштирокчилари ва мухлисларига юқори даражадаги хизматларни кўрсатиш учун қулай шароитлар яратиш.
Қарор билан 2027 йилги футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.
Шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган “Янги Тошкент марказий футбол ўйингоҳи” ФИФА ва Осиё футбол конфедерациясининг нуфузли мусобақалар ўтказиш бўйича талабларига мослаштирилиши назорат қилинади.