Туркиянинг ARIMATIK компанияси Самарқанддаги Ширин шаҳарчаси лойиҳасига 4 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр
Туркиянинг ARIMATIK компанияси Самарқанддаги Ширин шаҳарчаси лойиҳасига 4 миллиард доллар сармоя киритишга тайёр
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг «ARIMATIK» компанияси Самарқандда барпо этилиши режалаштирилган «Ширин» шаҳарчаси қурилиши лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдириб, ҳудудга босқичма-босқич 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилишди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоевнинг компания вакиллари билан ўтказган учрашувида шу ҳақда сўз юритилди.
«ARIMATIK» компанияси 42 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, қурилиш, энергетика, кончилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритиб келяпти. Компания вакиллари Самарқандда йирик инвестисион лойиҳаларни амалга оширишда асосий ҳамкорга айланиш истагини билдиришмоқда.
Музокаралар давомида вилоят раҳбари ва «Ширин» дирекцияси масъуллари келажакда барпо этиладиган шаҳарчада замонавий меъморий ва инфратузилмавий қиёфани шакллантиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида инвесторларга маълумотлар бердилар.
Шунингдек, ер участкаларини Лотлар орқали сотиб олиш тартиби ва шартлари тушунтирилди.
Томонлар «Ширин» шаҳарчасининг якуний концепцияси ишлаб чиқилганидан кейин ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишга келишиб олдилар.