Туркия делегацияси Бухородаги тиббиёт маркази фаолияти билан танишди
Туркия делегацияси Бухородаги тиббиёт маркази фаолияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ҳамроҳлигида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали фаолияти билан танишди.
Қайд этиш керак, ушбу муассаса ҳудуддаги йирик ва кўп тармоқли шифохоналардан бири ҳисобланади. Бу ерга ўтган йили 124 мингга яқин фуқаро мурожаат қилган. Улардан 38,5 минг нафардан ортиғи стационар даволанган.
Қолаверса, филиалда 11 мингга яқин жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, шундан 60 фоизини юқори технологияли операциялар ташкил этган.
Делегация вакиллари бу ерда яратилган шароитлар ва замонавий имкониятларни юқори баҳоладилар. Шунингдек, меҳмонларга шифохонанинг моддий-техник базаси, мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришда қўлланилаётган илғор усуллар хусусида маълумот берилди.
Ўз навбатида, Туркия Соғлиқни сақлаш вазири муассасада жигар ва буйрак трансплантацияси каби ноёб амалиётларнинг йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг малакаси, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати юксак даражада эканини таъкидлади.
Якунда томонлар тиббиёт соҳасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва замонавий тиббий технологияларни жорий этиш борасида ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканлигини билдирдилар.