Трустбанк ва ITFC кичик ва ўрта бизнес учун 20 миллион долларлик шартнома имзоладилар
Трустбанк ва ITFC кичик ва ўрта бизнес учун 20 миллион долларлик шартнома имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки Бошқарув Раиси С.Нормухамедов бошчилигидаги делегация аъзолари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси делегацияси билан музокаралар олиб борди.
Унда ислом молияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, «Трастбанк» ХАБ ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида 20 млн АҚШ долларилик битим имзоланди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Банкда кўрсатилаётган молиявий хизматлар кўлами кенгайтирилиб, тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимли равишда жадал давом эттирилади.
Хусусан, озиқ-овқат, текстиль, фармасевтика, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа шу каби соҳалардаги истиқболли лойиҳалар молиялаштирилади. Бунинг натижасида ушбу йўналишларда янги технологиялар қўлланилиши асосида оперативлик ошади.
Энг муҳими, ҳудудларда янги иш ўринлари яратилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳамда хорижий молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил мустаҳкамлаш борасидаги навбатдаги дадил қадамлардан саналади.
«Трастбанк» ХАБ бугунги кунга қадар Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси билан жами 47 млн АҚШ доллари миқдорида келишувлар имзолади.
Бу эса мамлакатимиздаги кичик ва ўрта бизнеснинг 120 та лойиҳаси молиялаштирилиши натижасида 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига туртки бўлди.