Трамп маъмурияти 66 та халқаро институтдан чиқишини эълон қилди
Трамп маъмурияти 66 та халқаро институтдан чиқишини эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг 66 та халқаро ташкилотдаги аъзолигини тугатиш тўғрисида меморандумни имзолади, деб хабар қилди Оқ уй маъмурияти 7 январь, чоршанба куни X ижтимоий тармоғида.
Ҳужжатда айтилишича, АҚШ Америка ҳокимияти баҳосига кўра «энди Қўшма Штатлар манфаатларига хизмат қилмайдиган» тузилмалардан чиқмоқда.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, ушбу ташкилотларнинг 31 таси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида фаолият юритади, яна 35 таси эса БМТ доирасидан ташқарида иш олиб боради. Тузилмаларнинг тўлиқ рўйхати Оқ уйнинг расмий сайтида жойлаштирилган.
Улар қаторида, жумладан, оммавий қирғин қуролларини тарқатмасликка кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган Украина илмий-технологик маркази, «Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси» сифатида танилган Венеция комиссияси, БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили офиси, БМТ Демократия жамғармаси ва бошқа қатор ташкилотлар бор.
Қабул қилинган қарорга изоҳ берар экан, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Дональд Трамп маъмурияти ушбу тузилмаларни «исрофгар, самарасиз ёки зарарли» деб топганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, айрим ташкилотлар заиф бошқарув билан ажралиб туради, бошқа институтлар функцияларини такрорлайди ёки Вашингтон нуқтаи назаридан АҚШ давлат суверенитети, фуқаролик эркинликлари ҳамда «умумий фаровонлик»ка таҳдид солади.