Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 20/06/2025 Тошкентдан амалга ошириладиган барча чартер рейслар «Тошкент-Шарқий» янги аэропортига кўчирилади

Тошкентдан амалга ошириладиган барча чартер рейслар «Тошкент-Шарқий» янги аэропортига кўчирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентдан учадиган ва пойтахтга қўнадиган барча чартер рейслар энди янги «Тошкент-Шарқий» аэропорти орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шухрат Худойқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «Тошкент-Шарқий» — бу Ўзбекистонда биринчи бўлиб Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ИКАО)нинг III-A тоифаси талабларига жавоб берадиган аэропорт бўлади. Бу дегани — у самолётларни кундуз-тун, ҳар қандай об-ҳаво шароитида қабул қилиш ва учириш имкониятига эга бўлади, яъни 365 кун, 24 соат фаолият юритади.

Ҳозирда Тошкент халқаро аэропортидан 10 дан ортиқ чартер рейслар амалга оширилмоқда. Янги аэропорт ишга тушгач, бу рейслар «Тошкент-Шарқий»га ўтказилади. Шунингдек, аэропорт бизнес авиациясига ҳам йўналтирилган — унда соатига 100 нафаргача йўловчига хизмат кўрсата оладиган махсус терминал мўлжалланган.

— Бу мамлакатдаги бизнес авиацияга ихтисослашган биринчи аэропорт ҳисобланади. Президентимиз бу йўналишни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар, — деди Шухрат Худойқулов.

Аэропортнинг асосий афзалликларидан бири — Boeing 747 каби йирик турдаги 23 та самолётни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш ва жойлаштириш имкониятидир. Шунингдек, замонавий навигация тизимлари ва инфратузилмаси туфайли ҳаво шароити ёмон бўлган пайтларда ҳам рейсларни бошқа аэропортларга йўналтириш зарурати бўлмайди.

«Тошкент-Шарқий» аэропортини фойдаланишга топшириш яқин вақт ичида кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР