Валюта курслари 03/10/2025
$1 – 12099.72
UZS – 0.13%
€1 – 14223.22
UZS – 0.18%
₽1 – 148.90
UZS – 1.49%
Қидириш
Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида Россия олимлари монографиясининг тақдимоти

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида Россия олимлари монографиясининг тақдимоти

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида Россия олимлари монографиясининг тақдимоти

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2 октябрь куни Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида Россия олимлари қаламига мансуб "Ўтмишдан келажак сари: замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари" номли монографиянинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу асар Россия давлат гуманитар университети Мерос ва замонавий жамият институти томонидан нашр этилган.

Тақдимот Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев раҳбарлигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилди. Тақдимотда ҳар икки мамлакатнинг етакчи давлат ва илм-фан арбоблари, давлат органлари, академик доиралар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари офлайн тарзда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда вилоят марказларидаги ахборот-кутубхона марказлари ходимлари онлайн шаклда иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда юридик адабиётнинг ўрни ўта муҳимлигини таъкидлар экан, Инсон ҳуқуқлари уйида "Россия ва инсон ҳуқуқлари" бурчаги очилганини эълон қилди. Ушбу бурчак Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Патрис Лумумба номидаги Россия халқлар дўстлиги университети Юридик институти каби ташкилот ҳамда муассасалар тақдим этган китоблар ҳисобига ташкил этилди.

Россия Президентининг маслаҳатчиси Валерий Фадеев қайд этганидек, ушбу ташаббус Россиянинг ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш тизими ҳақидаги билимларни тарқатиш, шунингдек, касбий алоқалар ва давлатлараро инсон ҳуқуқлари мулоқотини мустаҳкамлашга қаратилган. Зеро, бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари муҳокамасини биргина анъана ёки мафкура доираси билан чеклаб бўлмайди – тез ўзгараётган дунёда ривожланишнинг янги йўлларини таклиф эта оладиган кенг қамровли цивилизациялараро мулоқот зарур.

Мунозараларда, шунингдек, Патрис Лумумба номидаги Россия халқлар дўстлиги университети Юридик институти директори, профессор Аслан Абашидзе, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис ўринбосари Асқар Ғафуров, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси юридик факультети Халқаро ва интеграция ҳуқуқи кафедраси мудири Екатерина Алисиевич, Россиянинг "Олий иқтисодиёт мактаби" миллий тадқиқот университети Рақамли технологиялар ҳуқуқи ва биоҳуқуқ департаменти профессори Алексей Дейнеко, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари Абдуманноп Тўлаганов, Тошкент давлат юридик университети доценти Роза Азхўжаева иштирок этди.

Сўзга чиққанлар эътироф этганидек, "Ўтмишдан келажак сари: замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари" монографияси фундаментал тадқиқот ҳисобланади. Китобда инсон ҳуқуқлари ғоялари Россия жамиятининг анъанавий қадриятлар тизимига қандай кириб келгани, бошқа ҳуқуқий ва маданий анъаналарга нисбатан қандай ривожланаётгани ҳамда глобал муаммолар шароитида ижтимоий ҳуқуқлар нечоғлик муҳим аҳамият касб этаётгани илмий, назарий ва амалий жиҳатдан чуқур таҳлил қилинган.

Муаллифлар ҳуқуқларнинг "анъанавийлиги" ҳақидаги долзарб мунозараларни атрофлича ўрганган ҳолда, ҳуқуқий назарияда универсал ва миллий ўзига хослик нисбати масаласини таҳлил қилган. Шунингдек, демократия ва эркинликларнинг замонавий халқаро рейтинглари танқидий баҳоланган.

Китобнинг бутун бир тадқиқотчилар жамоасининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирган илмий монография жанрида ёзилганига алоҳида эътибор қаратилди. Унда тарихий, фалсафий, ҳуқуқий ва сиёсатшунослик соҳалари бўйича ёндашувлар уйғунлаштирилгани, айниқса, муҳим. Бундай фанлараро хусусиятга эга нашр нафақат ҳуқуқшунос мутахассислар, балки кенг китобхонлар оммаси – талабалар, ўқитувчилар, сиёсатчилар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари ва замонавий жамият ривожланиши билан қизиқувчилар учун ҳам аҳамиятлидир.

Иштирокчилар китоб кейинги мунозаралар, ўқув курслари ва янги қўшма лойиҳалар учун пойдевор бўлишини таъкидладилар. Тақдимотда икки мамлакат ўртасидаги мулоқотни давом эттириш ва янги босқичга кўтариш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди. Гуманитар соҳадаги қўшма лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Тақдимот доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган янги китоблар, қўлланма ва журналлар тақдим этилди. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, бир томондан, Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари уйида "Россия ва инсон ҳуқуқлари" бурчаги очилгани, иккинчи томондан, ушбу муҳим монографиянинг тақдимоти ўтказилгани илм-фан йўналиши ва гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг янги босқичини белгилаб берган муҳим воқеалар бўлди.

Бу амалий саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасида инсон ҳуқуқлари ва гуманитар тадқиқотлар соҳасида илмий мулоқотни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ташаббуслар тизимини амалда изчил татбиқ этиш йўлидаги муҳим амалий қадамлардир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг