Тошкентда Яшнобод тумани ҳокимининг ёрдамчиси 5000 доллар товламачилик қилгани учун қўлга олинди
Тошкентда Яшнобод тумани ҳокимининг ёрдамчиси 5000 доллар товламачилик қилгани учун қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Яшнобод тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қамбағалликни қисқартириш масалалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги турар жой хонадонини нотурар жой тоифасига ўтказишга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб бериш ва тегишли ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Терговга қадар текширув давомида, ҳоким ёрдамчиси фуқаронинг ишини Яшнобод туман ҳокимияти бўлинма раҳбари кўмагида ҳал қилиши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва ушбу мансабдор шахс 600 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.