Тошкентда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрнига бағишланган юқори даражали мулоқот бўлиб ўтмоқда

Тошкентда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрнига бағишланган юқори даражали мулоқот бўлиб ўтмоқда

Тошкентда хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрнига бағишланган юқори даражали мулоқот бўлиб ўтмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Тошкент шаҳрида 2026 йил 24–26 март кунлари Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ал-Азҳар университети ҳамкорлигида “Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрни” мавзусида юқори даражали мулоқот ва ўқув семинари ташкил этилди.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Маҳаллалар Уюшмаси ва Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда, Буюк Британия Ҳукумати молиявий кўмагида, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрнига бағишланган юқори даражали мулоқот ва ўқув семинарини ташкил этмоқда.

Мазкур уч кунлик тадбирда давлат органлари, дин соҳаси вакиллари, маҳалла вакиллари, тарғиботчилар, академик доиралар, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси олимлари ҳамда Ал-Азҳар университетининг нуфузли профессорлари иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ташкил этилмоқда. 

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига оид халқаро ва миллий қонунчилик меъёрлари, муқадддас диний манбаларда мустаҳкамланган тамойиллар ҳамда жамиятда ҳамон сақланиб қолаётган айрим зарарли ижтимоий меъёрлар ва стереотипларга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирларни янада кучайтиришга қаратилган сиёсий ирода алоҳида таъкидланди.

UNFPA ўз чиқишида шундай таъкидлади:

“Диний ташкилотлар ва диний етакчилар жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Исломнинг адолат, қадр-қиммат ва ҳурмат каби асосий қадриятларини илгари суриш орқали биз аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашимиз мумкин.”

Мазкур тадбир Ал-Азҳар университети билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади ва 2024 йилдаги муваффақиятли семинар ҳамда халқаро мулоқотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Семинар доирасида тарғиботчилар, дин соҳаси вакиллари ва маҳалла вакиллари қуйидаги йўналишларда билим ва кўникмаларини оширмоқда:

Исломда аёллар ҳуқуқлари

Гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш

Оила режалаштириш ва репродуктив саломатлик

Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш

Самарали мулоқот ва маслаҳат бериш кўникмалари

Тадбир доирасида UNFPA ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

UNFPA диний ташкилотларни жамиятда ишончли ва таъсирли ҳамкор сифатида эътироф этади. UNFPA ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси билан ҳамкорликда шу кунгача амалга оширилган ташаббуслар доирасида 800 нафардан ортиқ тарғиботчилар, дин соҳаси вакиллари ва маҳалла вакиллари қамраб олинган бўлиб, мазкур тадбир ушбу фаолиятни янада кенгайтиришга қаратилган.

Ушбу ташаббус Буюк Британия томонидан молиялаштирилаётган Марказий Осиёда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга жавоб чораларини кучайтиришга қаратилган минтақавий дастур доирасида амалга оширилмоқда.

Семинар натижасида иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги малака ва кўникмалари мустаҳкамланиши, турли институтлар ўртасидаги ҳамкорлик кучайиши ҳамда Ўзбекистонда гендер тенгликни илгари суриш ва аёллар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган аниқ тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг