Тошкентда Хитой-Евросиё инвестиция ва савдони ривожлантириш маркази ваколатхонаси очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 4 июнь куни Тошкент шаҳрида Хитой-Евроосиё Инвестиция ва Савдони Ривожлантириш Марказининг Ўзбекистондаги бўлими тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат ташкилотлари, савдо-саноат палаталари раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Маросим доирасида бир қатор ҳамкорлик битимлари жумладан, Шинжон Евроосиё Инвестиция ва Савдо Ривожлантириш Маркази МЧЖ ва Ўзбекистон Хитой Хизматлари Компанияси ҳамда Ўзбекистон Руименг Халқаро Интеллектуал мулк савдо гуруҳи ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Ўзбекистондаги ваколатхона Хитой-Евросиё Инвестициялар ва Савдони Ривожлантириш Марказининг бош офиси тўғридан-тўғри бошқаруви остида фаолият юритади. Унинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади: халқаро савдо хизматлари, инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестициядан кейинги хизматлар, кадрлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш, брендларни тарғиб қилиш ва реклама, шунингдек саноат ҳамкорлигини ривожлантириш.
Марказ ваколатхонасининг очилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги инвестициявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишига хизмат қилади.