Тошкентда Хитой билан энергетика тизимларини моделлаштириш бўйича қўшма марказ очилди
Тошкентда Хитой билан энергетика тизимларини моделлаштириш бўйича қўшма марказ очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент давлат техника университетида Хитойнинг Changtong Technology компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган Хитой–Ўзбекистон энергетика тизимларини ва электр таъминотини симуляция қилиш қўшма маркази фойдаланишга топширилди.
Марказ замонавий компьютерлар ҳамда махсус дастурий маҳсулотлар билан жиҳозланди. Яратилган техник база электр таъминоти тизимларини симуляция қилиш, катта ҳажмдаги ҳисоблаш ва таҳлил ишларини бажариш, электр тармоқларининг турли иш режимларини моделлаштириш, шунингдек, таълим жараёнида виртуал лабораториялар ташкил этиш имконини беради.
Мазкур қўшма марказ Шарқий-Шимолий электр энергетикаси университети (NEEPU), Хитой электр энергетикаси тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” ДУК ҳамда Тошкент давлат техника университети ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида ташкил этилди.
Қайд этилишича, мазкур марказ энергетика соҳасида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш ва электр энергетикасида рақамли моделлаштириш технологияларини жорий этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.