Тошкентда V аксилкоррупция форуми якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Муҳокамалардан амалий ўзгаришлар сари” шиори остида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги юқори даражадаги нуфузли халқаро тадбир — V Тошкент аксилкоррупция форуми бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг ташаббуси асосида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Аксилкоррупция ҳафталиги”нинг марказий воқеасидир.
Форумнинг асосий мақсади — коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро мулоқот ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, тажриба ва инновацион ёндашувлар алмашинувини кучайтириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларни шакллантириш, замонавий превентив механизмларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги масъулиятли ҳамкор ва ишончли шерик сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, соҳага оид халқаро мажбуриятларини амалга оширишдаги қатъий сиёсий иродасини намоён этишдан иборат.
Бу йилги Форум Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), АҚШ Давлат департаменти, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Конрад Аденауэр Фонди ҳамда Қатар давлатининг Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш маркази каби йирик халқаро ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди.
Унда хорижий делегациялар, давлат органлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг 250 нафардан ортиқ вакиллари, жумладан, Германия, Словения, Грузия, Литва, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги, Миср, Мўғулистон, Индонезия, Озарбайжон каби 20 дан ортиқ давлатларнинг аксилкоррупция идоралари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Transparency International, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва БМТ тузилмаларининг етакчи мутахассислари, қатор маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Форум ҳафталигининг муҳим тадбирларидан бири сифатида 21 октябрь куни Ўзбекистон Бизнес-омбудсмани билан ҳамкорликда Халқаро Бизнес-омбудсманлар йиғилиши ва IV Бизнесда ҳалоллик форуми ўтказилди.
Шунингдек, Форум доирасида 22 октябрь куни Transparency International Latvia ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан ҳамкорликда “Давлат харажатлари мониторинги ва ҳисобдорликни таъминлаш” мавзусида нодавлат ташкилотлари учун семинар-тренинг, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти кўмагида коррупция ҳақида хабар берувчи шахсларни ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасининг тақдимотига бағишланган махсус тадбир ўтказилди. Бундан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда “Шаффофлик ва очиқлик — коррупцияга қарши курашиш воситаси сифатида” мавзусида семинар ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва Европа экспертлари кўмагида 3 та ҳудудда эксперимент тарзида амалга оширилаётган “Ҳалол ҳудудлар” (“Island of Integrity”) лойиҳаси тақдимот қилинди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу Форум доирасида 2027 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига аъзо давлатлар конференциясининг
12-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг коррупцияга қарши курашишдаги халқаро ролини минтақавий даражадан глобал даражага кўтаришга қаратилган навбатдаги муҳим сиёсий қадам ҳисобланади.
Анъанага мувофиқ, замонавий тараққиёт ва глобал ўзгаришлар талабидан келиб чиқиб, бу йилги Форумда ҳам коррупцияга қарши курашнинг долзарб масалалари кун тартибига қўйилди. Жумладан, асосий муҳокама сессиялари “Коррупцияга қарши сунъий интеллект”, “Комплаенс назоратининг янги даражаси” ва “Коррупцияга қарши ўқитиш” мавзуларига бағишланди.
Фаол мулоқот ва қизғин муҳокамалар якунига кўра, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини такомиллаштириш, чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда 5-Тошкент аксилкоррупция форумининг декларацияси қабул қилинди.
Форум натижалари Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашишда нафақат миллий ислоҳотларни изчил чуқурлаштираётганини, балки глобал антикоррупция ҳаракатининг тобора фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётганини яққол намоён этди.