Тошкентда турк-ўзбек ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентда турк-ўзбек ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 11 февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Туркия Республикасининг AlfaTurk Group бошчилигида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган компаниялар раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Музокараларга Палата раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова мезбонлик қилди.
AlfaTurk Group — турк компанияларини янги бозорларга олиб чиқиш ва маҳаллий бизнес билан кооперацияни ташкил этувчи бизнес-платформа ҳисобланади. Компания турли соҳаларда фаолият юритувчи корхоналарни бирлаштириб, асосан қурилиш материаллари, лойиҳа бошқаруви, ишлаб чиқариш ва инвестиция йўналишларида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш билан шуғулланади.
Учрашув давомида турк компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, савдо ва саноат ҳамкорлигини институционал асосда ривожлантириш, шунингдек, ўзаро инвестиция имкониятларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Делегация вакиллари мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити ва яратилган шарт-шароитлар бўйича амалий маълумотлар билан танишди.
Музокаралар якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида қатор йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари белгиланди.
Жумладан, турк томонидан Likya Royal Limestone, Art Legenda, Argeplano Proje Süreç Yönetimi, Yilmazlar Yalitim-Dadam Yapi, ўзбек томонидан эса “Nurafshon Nur” МЧЖ, “Imdy-Baby” МЧЖ, “Onyx Stones Boutique” МЧЖ, “Irtifa” МЧЖ ва “Turon Kutur” МЧЖ ўртасида стратегик шериклик бўйича музокаралар ўтказилди.
Учрашув икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини янада фаоллаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди.