Тошкентда Tashkent Pharma Park'ида Биокластер яратиш масаласи муҳокама қилинди
Тошкентда Tashkent Pharma Park'ида Биокластер яратиш масаласи муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 3 декабрь куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Кореянинг хорижда инфратузилма ва шаҳарсозликни ривожлантириш корпорацияси (KIND) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида KIND томонидан “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудуди барпо этилиши режалаштирилаётган Био-кластер концепцияси бўйича презентация тақдим этилди.
Музокаралар конструктив руҳда ўтди. Томонлар лойиҳани амалга ошириш босқичлари, тахминий инвестиция миқдорлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни беришди ва ўзаро маълумот алмашдилар. Шунингдек, лойиҳанинг шаҳар атроф-муҳитига таъсири, коммунал тизимлар учун кутилган юклама ва улуши атрофлича муҳокама қилинди.
Агентлик директори “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластерида яратилган қулайликлар, инфратузилма имкониятлари ҳамда ҳукумат томонидан тақдим этиладиган бир қатор имтиёзлар билан меҳмонларни таништирди. Шунингдек, мазкур лойиҳа Ўзбекистон фармацевтика саноатида муҳим ўрин тутиши, Био-кластер эса Корея - Ўзбекистон биотехнология соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.
Учрашув якунида икки томон таълим, инновация ва технологиялар йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, навбатдаги учрашувни ўтказиш борасида келишиб олдилар.