Валюта курслари 11/03/2026
$1 – 12158.13
UZS – -0.27%
€1 – 14166.65
UZS – 0.39%
₽1 – 153.98
UZS – -0.14%
Қидириш
Тошкентда шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

Тошкентда шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

Тошкентда шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши шаҳар дизайн-кодини тасдиқлади.

Қарор 17 февраль куни пойтахт ҳокимияти таклифлари ҳамда Toshkent Invest Kompaniyasi буюртмаси асосида SM International томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа кўриб чиқилгандан сўнг қабул қилинди.

Ҳужжат жамоат маконларини режалаштириш, шаҳар дизайни элементларини жойлаштириш, тижорат объектларини безаш ва шаҳарнинг визуал ўзига хослигини шакллантириш бўйича қоидаларни белгилайди.

Унда дизайн элементлари каталоглари, туристик ва гастрономик кўчалар рўйхати, шунингдек ободонлаштириш ва санитар тозалаш ишлари учун эксплуатация йиғими миқдори ҳам киритилган.

Туман ҳокимиятлари икки ой муддат ичида бош архитекторлар назорати остида жамоат маконлари чегараларининг схемаларини ишлаб чиқиши лозим. Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши эса мавсумий савдо, хизмат кўрсатиш объектлари ва қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалашда дизайн-код талабларига риоя этилишини назорат қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти қурилиш, таъмирлаш, бузиш ва реконструкция ишларига рухсат беришда, шунингдек йўллар, тротуарлар ва бошқа инфратузилма элементлари билан боғлиқ ишлар бажарилишида белгиланган қоидаларга риоя этилишини таъминлайди.

Тўрт ой ичида пойтахт ҳокимияти тасдиқланган стандартлар асосида жамоат маконларида манзил кўрсаткичлари ва навигация элементларини ўрнатиш ва алмаштириш дастурини ишлаб чиқади.

Шу билан бирга, дизайн-код талаблари капитал қурилиш учун шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига интеграция қилинади.

Дизайн-код талабларига риоя қилиш биноларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, реконструкция ишларини амалга ошириш, енгил конструкциялар жойлаштириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, реклама элементларини жойлаштириш, шунингдек муҳандислик тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини лойиҳалаш ва модернизация қилиш жараёнларида ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Кенгаш қарори расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач, яъни май ойининг ўрталаридан кучга киради.

Бу қарор пойтахтда шаҳар ташқи кўриниши ва жамоат маконларини ривожлантириш бўйича ягона стандартларни тизимли равишда жорий этиш имконини беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг