Тошкентда Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси ва Ўзбекистон томони ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Даврон Вахабов, Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси (DEİK) раҳбари ва ишбилармонлар кенгаши Туркия томони ҳамраиси Ўзғур Онур Ўзгувен, икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат кооперацияси ва янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур йиғилиш икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди.