Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон қўшма саноат кўргазмаси очилди

Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон қўшма саноат кўргазмаси очилди

Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон қўшма саноат кўргазмаси очилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 26 март куни пойтахтимиздаги «CAEx» мажмуасида Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида ташкил этилган қўшма кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зиёзода Сулаймон Ризои ҳамда Тожикистон Республикаси Саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир иштирок этдилар.

Умумий майдони 1 300 квадрат метрни ташкил этган ушбу экспозиция икки мамлакатнинг саноат салоҳиятини намойиш этувчи майдонга айланди.

Ўзбекистон томонидан тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва автосаноат каби 15 та тармоқдан 180 дан ортиқ корхона ўзининг 450 дан зиёд турдаги маҳсулотларини тақдим этди. Тожикистон томонидан эса 10 та соҳа бўйича 30 дан ортиқ компания 200 га яқин турдаги товарлари билан қатнашмоқда.

27 мартга қадар давом этадиган мазкур кўргазма саноат кооперациясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тадбирда ҳар куни ишбилармон доиралар ва тармоқ бирлашмаларининг 500 дан ортиқ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Кўргазма дастуридан B2B ва G2B шаклидаги учрашувлар, экспорт имкониятлари тақдимоти ҳамда икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо шартномалари ва ҳамкорлик битимларини имзолаш бўйича музокаралар ўрин олган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг