Тошкентда Ўзбекистон-Покистон бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Тошкентда Ўзбекистон – Покистон бизнес форуми ва бизнес имкониятларига бағишланган конференция ўтди. Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Равалпинди Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи 300 га яқин тадбиркор иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов, Равалпинди Савдо-саноат палатаси президенти Умар Шавкат ва бошқа мутасаддилар кириш сўзи билан очиб бердилар.
Икки томон вакиллари иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.
Форум доирасида B2B ва B2G учрашувлар ўтказилиб, қўшма ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Форум якунида қуйидаги ҳамкорлик меморандумлари имзоланди:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси ўртасида;
Равалпинди Савдо-саноат палатаси ва Sky Electric ўртасида;
Caraway Pharmaceuticals ва Perfect Future Medicine ўртасида;
Neutrics Global (Pvt) Ltd ва ANT Group ўртасида;
Pak World Trade & Expo Centre ва BMCA ўртасида.
Ушбу ҳужжатлар икки мамлакат тадбиркорлик доиралари ўртасида узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.