Тошкентда Ўзбекистон-Ўмон ҳукуматлараро комиссиясининг 5-мажлиси доирасида музокаралар ва бизнес-форум бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўмон Султонлиги Савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуф бошчилигидаги делегация IT Park Uzbekistanга ташриф буюрди. Мазкур ташриф доирасида меҳмонлар Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан учрашув ўтказди. Делегация таркибида Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, IТ хизматлар экспортини ривожлантириш, стартаплар учун қўшма дастурларни йўлга қўйиш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, меҳмонлар IT Park фаолияти билан танишиб, Ўзбекистонда IТ экотизимининг шаклланиши ва ривожланиш тенденцияларига катта қизиқиш билдирдилар.
Учрашувдан сўнг делегация вазир Ш. Шерматов бошчилигида UZINFOCOM марказига ташриф буюриб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик IТ лойиҳалари, хусусан, электрон ҳукумат, ахборот хавфсизлиги каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги IТ ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.