Тошкентда ноқонуний нарколаборатория фош этилди
Тошкентда ноқонуний нарколаборатория фош этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентнинг Сергели туманида ноқонуний нарколаборатория фаолияти тўхтатилиб, гумонланувчилар қўлга олинди.
Тошкент шаҳри Сергели туманида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан яширин нарколаборатория аниқланди, деб хабар қилди идора матбуот хизмати.
Тергов маълумотларига кўра, лаборатория ташкилотчиси Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи 23 ёшли шахс бўлиб, у ижарага олинган хонадонда наркотик моддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Оператив тадбирлар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тахминан 3,5 кг прегабалин мусодара қилинган. Унинг қиймати тахминан 4,5 млрд сўмга баҳоланмоқда.
Шунингдек, 20 литр суюқ ва 25 кг кукун кўринишидаги прекурсорлар, ҳамда тақиқланган моддаларни тайёрлаш ва қадоқлашда қўлланилган жиҳозлар топилган.
Иш доирасида Чиноз туманида туғилган яна бир шахс қўлга олинган бўлиб, у мазкур лабораторияда кимёгар вазифасини бажарган.
Аниқланишича, гумонланувчилар дастлаб Telegram мессенжеридаги интернет-дўкон орқали кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланган, кейинчалик эса уларни ишлаб чиқариш жараёнига ўтган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчилар қамоққа олинган.
Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.