Тошкентда Mitsui & Co билан янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Гуламов “Mitsui & Co.” корпорацияси вице-президенти Ёшиаки Такемасу билан учрашди.
“Mitsui & Co.” – дунёдаги энг йирик трансмиллий компаниялардан бири бўлиб, «Mitsui Group» таркибига киради. Корпорация 62 та мамлакатда 500 дан ортиқ шўба корхона ва 126 та офисга эга ҳамда машинасозлик, энергетика, кимё, кончилик ва металлургия соҳаларида фаол лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Музокараларда томонлар энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва инфратузилмавий ривожланиш бўйича қўшма ташаббусларнинг амалга оширилиши жараёнини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, геология ва шаҳарсозлик соҳаларидаги янги инвестиция лойиҳаларини ўз ичига олган стратегик ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам алоҳида эътиборда бўлди.