Валюта курслари 17/10/2025
$1 – 12160.99
UZS – -0.59%
€1 – 14178.50
UZS – -0.39%
₽1 – 153.92
UZS – -0.59%
Қидириш
Тошкентда МДҲ мамлакатлари атом энергетикаси фахрийларининг халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкентда МДҲ мамлакатлари атом энергетикаси фахрийларининг халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкентда МДҲ мамлакатлари атом энергетикаси фахрийларининг халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида “Ядро энергетика ва ядро технологияларнинг замонавий муаммолари” деб номланган XI Халқаро анжуман ўтказилди. Тадбир доирасида МДҲ ҳамда Европанинг қатор давлатларидан келган мутахассисларни бирлаштирган Ядро энергетикаси ва саноат фахрийлари ҳудудлараро уюшмасининг давра суҳбати ташкил этилди.

Унда ядро инфратузилмани ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш, аҳоли билан ишлаш, радиоактив чиқиндиларни хавфсиз тарзда сақлаш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, экологик зарарни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Анжуман мамлакатимизда ядро фанининг асосчиси, таниқли ўзбек олими, академик Беҳзод Юлдашев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилди. У нафақат машҳур физик, балки илм-фан ташкилотчиси сифатида ҳам катта из қолдирган, ёш тадқиқотчилар мактабини шакллантирган олим сифатида эсланади. Ҳозирда унинг шогирдлари Ўзбекистон номидан халқаро илмий майдонларда фаолият юритиб келмоқда.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида (ЯФИ) олим хотирасига бағишланган ёдгорлик монументи очилиши ва унинг ҳаёти ҳамда илмий меросига бағишланган “Зарраларни забт этган инсон” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Бу китоб академик Юлдашевнинг дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдларининг хотираларини ўз ичига олган. Унинг илмий мероси, жумладан, ўнлаб монографиялар ва юзлаб илмий мақолалар, янги авлод тадқиқотчилари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Биз ишонамизки, ушбу китобни ўқиган ҳар бир киши Бехзод Садықович Юлдашев шахсиятининг янги қирраларини кашф этади», - деди ЯФИ директори Илҳом Садиқов.

Ядро энергетикаси ва саноат фахрийлари ҳудудлараро уюшмасининг раиси ўринбосари, масъул котиби Виталий Лебеденко мазкур анжуман атом энергетикаси тарихи учун муҳим сана ва воқеликлар билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлади.

- Анжуманимиз нафақат буюк олим, академик Юлдашев таваллудининг юбилей йили, балки унинг фаол иштироки билан ривожланган атом саноатининг юбилей йилида ҳам ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга. Шунингдек, жорий йилда Ветеранлар иттифоқимиз ташкил топганига 15 йил тўлди. Ўтган йиллар мобайнида Иттифоқимиз нуфузли халқаро ташкилотга айланиб, 17 та давлатдан 30 дан зиёд ветеранлар ташкилотини бирлаштирди. Ҳар йили сафига янги хорижий аъзолар қўшилиб бормоқда, - деди Лебеденко.

Унинг сўзларига кўра, ядро соҳаси 80 йил мобайнида иқтисодиёт, энергетика, фазо ва Арктикани ўрганиш, тиббиёт ҳамда жаҳон фанининг жадал ривожланишига ҳисса қўшаётган етакчи тармоқлардан бирига айланди. Бугунги кунда атом энергетикасини ривожлантириш мамлакатларнинг иқтисодий ва технологик барқарорлигида муҳим омилга айланмоқда. Амалий тажрибага кўра,  ядро технологияларга эътибор қаратган давлатлар узоқ муддатли энергетик мустақилликни таъминламоқда. Атом лойиҳаларидан воз кечиш эса, кўпинча иқтисодий қийинчиликларга ва ташқи энергия манбаларидан боғлиқликка олиб келмоқда. Лебеденко таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қозоғистонда замонавий атом электр станцияларини барпо этиш ишларининг бошлангани бутун минтақа учун улкан истиқболлар эшигини очмоқда.

Анжуман иштирокчиларнинг сўзларига кўра, замонавий технологияларга ўтиш мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш ва аҳоли билан изчил иш олиб боришсиз мумкин эмас. Тадбирда Ўзбекистон вакиллари Тошкентдаги ММФИ МТЯУ филиалида мутахассислар тайёрлаш лойиҳалари, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида амалга оширилаётган маърифат ишлари ҳақида маълумот беришди. Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Муғулистондан келган мутахассисларнинг маърузаларида радиоактив чиқиндилар билан ишлашнинг замонавий ёндашувларидан тортиб, ядро технологияларнинг тиббиёт ва экологияда тутган ўрнигача бўлган кенг кўламли масалалар ёритиб берилди.

Анжуман доирасида атом соҳаси фахрийлари “Россия атом саноатига 80 йил” ва “Ядро энергетикаси ва саноат фахрийлари ҳудудлараро уюшмасига 15 йил” юбилей медаллари билан тақдирланди. Ушбу мукофотлар ЯФИ директори Илҳом Садиков, профессор Маннаб Ташметов, профессор Сапар Байтелесов ва профессор Бахтиёр Қурбоновга топширилди.

Анжуман якунлари Ўзбекистон атом энергиясидан хавфсиз фойдаланиш ва жаҳон даражасидаги мутахассислар тайёрлаш бўйича минтақавий мулоқот марказига айланаётганини кўрсатди. “Ядро энергетика ва ядро технологияларнинг замонавий муаммолари” мавзусидаги XI халқаро анжуман 13-16 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтди. Анжуман дастури доирасида пленар мажлислар, Ядро физика институти ҳамда ММФИ МТЯУ Тошкент филиалига экскурсиялар, маданий тадбирлар ва ёш олимлар билан учрашувлар ташкил этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг