Тошкентда "Марказий Осиё - 2050" форсайт семинари бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда "Марказий Осиё - 2050: умумий фаровонлик ва барқарорлик сари" мавзусида биринчи минтақавий форсайт-семинар бўлиб ўтмоқда. Семинар минтақанинг барча бешта мамлакати - давлат органлари, таҳлилий ва тадқиқот марказлари вакилларини ҳамда мустақил экспертларини бирлаштирди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташаббуси билан илгари сурилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Қозоғистон Республикаси Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида амалга оширилмоқда.
Форсайт-семинарда 2050 йилгача бўлган демография, энергетика, иқлим, сув, транспорт интеграцияси ва инсон капитали соҳаларидаги прогнозлар муҳокама этилади. Минтақадаги мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси ва иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов таъкидлашича, "Марказий Осиёда 83 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2030 йилга бориб минтақа аҳолисининг 60 фоизи шаҳарларда яшайди, бу эса иш ўринлари, инфратузилма, таълим ва тиббиётга бўлган талабнинг кескин ошишига олиб келади.
Бу, шунингдек, давлатларимиз аҳолисининг сифатли турмуш тарзига, хавфсиз муҳитга ва келажакка бўлган ишончга талаби ортиб боришини англатади”.
Энг долзарб мавзулардан бири иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқаришдир. Минтақада ўртача йиллик ҳарорат 1,2°С га ошди, музликлар майдони 30 фоизга қисқарди, сув таъминоти йилига киши бошига 8,4 дан 2,5 минг куб метргача камайди ва 2030 йилга келиб 1,7 минг куб метрдан пасайиши прогноз қилинмоқда. Семинар экология ва энергетика масалалари, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш ва парник газлари чиқишларини камайтириш борасида бир хил ёндашувларни ишлаб чиқиш учун платформа тақдим этди.
Семинар давомида иштирокчилар учун иккита устувор вазифа белгилаб берилди: қайси жараёнлар муқаррар, қайсилари эҳтимолий ва қайсилари Марказий Осиё мамлакатларининг қўшма қарорларига боғлиқлигини англаган ҳолда минтақа келажагининг умумий стратегик кўринишини шакллантириш; шунингдек, узоқ муддатли истиқболда минтақавий ташаббусларни илгари суриш ва амалга оширишга тайёр бўлган мутахассислар, давлат хизматчилари ва тадқиқотчилардан иборат барқарор экспертлар ҳамжамиятини шакллантириш.
Семинар доирасида Марказий Осиё келажаги ҳақида эссе ёзиш очиқ танлови ҳам эълон қилинди. Танловга минтақанинг давлатлари ёшлари иштироки таклиф этилади. Энг яхши 100 та эссе якуний тўпламда нашр этилади. Батафсил маълумот учун mampassi.org/centralasia2050 сайтига киринг. Ишларни қабул қилиш муддати – 2025 йил 15 июнгача.
Биринчи минтақавий форсайт-семинарнинг ўтказилиши қўшма стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги узоқ муддатли мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Муҳокамалар якунлари, ишлаб чиқилган ғоялар ва илгари сурилган ташаббуслар минтақа давлатлари раҳбарларининг бўлажак Маслаҳат учрашуви кун тартибини шакллантиришга ҳисса қўшади, шунингдек, тараққиёт, инновасиялар ва минтақавий интеграсия соҳасида барқарор ҳамкорлик учун асос яратади.
Келгусида тегишли йўналишларда узоқ муддатли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрланади.