Тошкентда Маҳира Нағиқизининг ўзбек тилида чоп этилган шеърлар тўплами тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикасидаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан Озарбайжон Давлат Педагогика Университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор, Озарбайжонда таниқли шоира Маҳира Нағиқизининг Тошкентда ўзбек тилида нашр этилган “Яна ой кечади, йиллар ўтади…” (Yana oy kechadi, yillar o‘tadi...) номли шеърлар китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросими Маданият Марказидаги Ҳайдар Алиев музейида бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Акиф Марифли очди. У Маҳира Нағиқизининг адабий ижоди ҳақида сўз юритиб, уни юраги Ватан муҳаббати билан тўлган шоира, янги авлод ва талабалар орасида севимли педагог, Ватанини чин дилдан севувчи зиёли сифатида таърифлади.
Акиф Марифли таъкидлади, Маҳира Нағиқизи олим ва шоира сифатида кўплаб китоблар, монографиялар ва илмий-публицистик мақолалар муаллифидир; у нафақат Озарбайжонда, балки бутун туркий дунёда яхши танилган. Тақдимоти ўтказилган бу нашр — Маҳира Нағиқизининг ўзбек тилида чоп этилган биринчи китобидир. Шунингдек, Маданият Маркази томонидан муаллифнинг бир илмий монографияси ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб, тез орада нашр этилиши режалаштирилганини билдирди.
Кейин сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Қайрат Мажид шоира Маҳира Нағиқизини табриклаб, унинг шеърларидаги гўзал жиҳатлар ҳақида гапирди.
У шундай деди: “Маҳира Нағиқизининг шеърларида онага ва Ватанга бўлган муҳаббат қизил ип каби ўтади. Ишончим комилки, бу тўплам ўзбек ўқувчиларининг севимли китобларидан бирига айланади.”
Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий Педагогика Университети проректори, доцент Дилноза Холмурадова эса таъкидлаб ўтдики, мазкур китобда жой олган шеърлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи бебаҳо поэтик намуналар бўлиб, бу асарлар инсон қалбини ларзага солади.
Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти бўлим мудири, профессор Бадрхон Аҳмадов ўз чиқишида Маҳира Нағиқизининг ижодини юқори баҳолаб, унинг асарларининг нафақат Озарбайжонда, балки биродар туркий давлатларда ҳам тарғиб қилиниши адабиётимиз учун катта ютуқ эканини таъкидлади.
Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон тили ва адабиёти университетидаги Муҳаммад Фузулий номидаги Тадқиқот маркази раҳбари, доцент Гулбаҳор Ашурова, озарбайжонлик олимлар профессор Севинж Алиева, доцент Севинж Руинтан, Жиззах Давлат Педагогика Университети профессори Азамат Анваров, Тошкентда яшовчи, аслен Ғарбий Озарбайжондан бўлган Исмоил Маммадов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Каримулла Маммедзода ва бошқалар — ушбу нашрни ватанпарварлик руҳини тарғиб қилиш, Озарбайжон маданиятини, адабиётини, хусусан замонавий шеъриятини танитиш нуқтаи назаридан муҳим воқеа сифатида баҳоладилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида талабалар томонидан Маҳира Нағиқизининг шеърлари ўқилди, шунингдек, унинг шеърига ёзилган қўшиқнинг видеоклипи намойиш этилди.
Тадбир якунида муаллиф Маҳира Нағиқизи Озарбайжон Маданият Марказига ва барча иштирокчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тадбирдан сўнг шоиранинг ўқувчилар учун имзо тарқатиш маросими ташкил этилди.