Валюта курслари 15/10/2025
$1 – 12185.11
UZS – 0.29%
€1 – 14081.11
UZS – -0.04%
₽1 – 152.58
UZS – 1.42%
Қидириш
Тошкентда Ҳиндистон Савдо палатаси делегацияси иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади

Тошкентда Ҳиндистон Савдо палатаси делегацияси иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади

Тошкентда Ҳиндистон Савдо палатаси делегацияси иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил декабрь ойининг биринчи ярмида Тошкентда йирик Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг манфаатдор ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Унда Ҳиндистон Савдо палатасига (Indian Chamber of Commerce - ICC) аъзо етакчи компанияларнинг 25-30 нафар раҳбаридан иборат делегация иштирок этади.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги дипломатик ваколатхонасида ICC директори ўринбосари Палаш Кумар Адҳикари билан бўлиб ўтган учрашув якунида бу ҳақда келишувга эришилди. Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича навбатдаги амалий қадамлар муҳокама қилинди.

Бизнес-форум Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлади. Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар барқарор ижобий суръат кўрсатмоқда: товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, турли соҳаларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли тарзда ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Ўзбекистонда тизимли ислоҳотларни амалга ошириш орқали бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Натижада Ҳиндистон компанияларининг мамлакатимиз иқтисодиётига киритаётган сармоялари ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур форум ишбилармонлик ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда амалий воситага айланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонга Ҳиндистоннинг энергетика, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тўқимачилик, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби муҳим тармоқларда фаолият юритаётган етакчи корпорациялари ва ўрта бизнес вакилларининг ташрифи кутилмоқда.

Ҳиндистон делегацияси дастурида бизнес-форумда иштирок этишдан ташқари, Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари, Савдо-саноат палатаси, саноат бирлашмалари вакиллари билан қатор учрашувлар ҳамда музокаралар ҳам ўрин олади.

Бу икки давлат ишбилармонларига тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, салоҳиятли лойиҳалар, сармоявий таклифлар, саноат кооперацияси истиқболларини атрофлича муҳокама қилиш имконини беради.

1925 йилда Калькутта шаҳрида ташкил этилган Ҳиндистон Савдо палатаси мамлакатнинг энг кекса, нуфузли ва фаол миллий бизнес уюшмаларидан бири бўлиб, халқаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда юқори мавқега эга.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг