Валюта курслари 01/12/2025
$1 – 11940.95
UZS – 0.32%
€1 – 13814.49
UZS – 0.25%
₽1 – 152.68
UZS – 0.33%
Қидириш
Тошкентда Фуқаролик жамияти ҳафталиги бошланди

Тошкентда Фуқаролик жамияти ҳафталиги бошланди

Тошкентда Фуқаролик жамияти ҳафталиги бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 1 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун мулоқот майдони – “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилди.

Таъкидлаш жоиз, 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 124-сонли Президент фармонига мувофиқ, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган.

Парламент аъзолари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этаётган Ҳафталик дастлаб, фуқаролик жамиятининг 1500 нафардан ортиқ вакилларини жалб этган ҳолда республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, сараланган таклиф ва ташаббуслар асосида бугун пойтахтда старт олди.

Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари учун янги давр бошланди.

2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Жорий йилда соҳага оид 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, биргина 2025 йил 21 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига дахлдор 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси, 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2024 йил 26 августдаги Президент фармони Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотларнинг амалга оширилишига хизмат қилмоқда.

Фуқаролик жамияти институтлари муҳим ташаббус ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган янгича тизими яратилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қайта ташкил этилди ва Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Олий Мажлис Сенатининг 8 нафар аъзоси ва Қонунчилик Палатасининг 8 нафар депутатидан иборат Парламент комиссияси фаолиятини бошлади.

Хусусан, жорий йилдан бошлаб, Парламент комиссияси аъзолари маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда аҳоли билан мулоқотлар ташкил этган ҳолда ижтимоий соҳа ва маҳаллалардаги аниқ муаммоларни ўрганиб, уларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган давлат гранти ва ижтимоий буюртмаси танловларини эълон қилиш бошланди.

Биргина жорий йилнинг ўзида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ жалб қилинди.

Фуқаролик жамияти институтлари муҳим стратегик ҳужжатлар, давлат дастурлари амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳамда бажаришда бевосита иштирок этмоқда, ҳудудларда сақланиб қолаётган ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Соҳа фаолияти самарадорлигини оширишда кадрлар салоҳияти муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ташкил этилган ўқув курсларида 2021-2025 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг 750 нафар ходими малака оширди.

Журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация жорий этилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича тизим яратилди.

Ҳафталик доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форуми, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ва мулоқот, халқаро конференция, акциялар, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш мақсадида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони, “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳисса қўшган энг яхши давлат органи”ни тақдирлаш маросими каби тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим ташаббусларини молиялаштириш мақсадида “Мақсадли лойиҳалар” акцияси ўтказилади ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни қамровини кенгайтириш ва амалга ошириш борасида ўзоро фикрлар алмашилинади.

Тадбир иштирокчиларининг фикрига кўра, жорий йилнинг 5 декабрига қадар давом этадиган ҳафталик давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ва конструктив мулоқот механизмларини йўлга қўйиш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжларини тизимли таҳлил қилиш ҳамда давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш, истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқишда муҳим майдон вазифасини бажармоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг