Тошкентда Евросиё университетлари иттифоқи ташкил этилди

Тошкентда Евросиё университетлари иттифоқи ташкил этилди

Тошкентда Евросиё университетлари иттифоқи ташкил этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда ўтказилаётган “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” халқаро форуми доирасидаги фан, тадқиқот ва таълим сессиясида муҳим тарихий ташаббус амалга оширилди.

Унда иқлимга чидамлилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда озиқ-овқат технологиялари йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Евроосиё университетлари ва илмий тадқиқотлар альянси ташкил этилди.

Янги альянс илм-фан, таълим ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, долзарб муаммоларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда минтақавий интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади.

Ташаббус доирасида Италия ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим ва илмий муассасалари, жумладан Италия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва иқтисодиёти кенгаши (СРEА) ҳамда Миллий тадқиқотлар кенгашининг Биология, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат фанлари департаменти вакиллари ўртасида қатор келишувлар имзоланди. Ушбу ҳужжатлар альянс фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий асосини яратди.

Альянс доирасида иқлим ўзгаришига мослашув, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий озиқ-овқат технологияларини ривожлантириш йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар олиб борилади. Шунингдек, талабалар ва олимлар алмашинуви, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш устувор вазифалар этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Италия ва Ўзбекистон ўртасида аграр таълим йўналишида 17 та ҳужжат имзоланди.

Мазкур альянс илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, минтақада барқарор ривожланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг