Валюта курслари 14/11/2025
$1 – 11985.10
UZS – 0.11%
€1 – 13923.09
UZS – 0.51%
₽1 – 148.86
UZS – 0.91%
Қидириш
Тошкентда CASCA+ йўлаги мамлакатлари транспорт вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда CASCA+ йўлаги мамлакатлари транспорт вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда CASCA+ йўлаги мамлакатлари транспорт вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрида «CASCA+» йўлаги бўйлаб жойлашган мамлакатлар транспорт вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири И. Махкамов, Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири А. Сиргабаев, Озарбайжон рақамлаштириш ва транспорт вазири ўринбосари Дж. Гурбанов, Туркия транспорт ва инфратузилма вазири ўринбосари У. Дурмуш ва Туркманистоннинг «Демирёллари» бош директори ўринбосари Б. Сариевлар иштирок этди.

Тадбирни Транспорт вазири И. Махкамов очиб, бугунги кунда Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо алоқалари халқаро логистика тармоғининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб шакланганлигини, ўзгариб бораётган геосиёсий вазият шароитида Ўрта коридор анъанавий йўналишларга нисбатан талаби юқори бўлган муқобил йўналишга айланганлигини маълум қилди.

«CASCA+» йўналиши очилганига 6 йил бўлганлиги, ўтган давр мобайнида транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилганлиги, юк ташиш учун 70 фоизгача тариф имтиёзлари тақдим этилганлиги, ташишларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги натижасида «CASCA+» йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг экспорт ва импорт юк ташувлари ҳажми 2024 йилда сезиларли ошиб, юклар ҳажми 1 миллион тоннага етганлигини, бу 2019 йил кўрсаткичларидан беш баравар кўп эканлигини таъкидлади.

Статистик маълумотларга асосан, йўналиш орқали 2019 йилда контейнерли блок-поездларда юк ташиш ҳажми 25 та поездни ташкил этган бўлса, 2024 йилда блок-поездлар сони 3,3 баравар ошиб, 83 тага етди. Жорий йил апрель ойида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасига старт берилганлиги, лойиҳа яқин 5 йил давомида якунланиши натижасида, йўналиш орқали йиллик юк ташиш ҳажми тахминан 15 миллион тоннага етиши кутилаётганлиги маълум қилинди. 

Учрашувда мазкур лойиҳанинг қурилиши якунлаганидан сўнг, «CASCA+» йўналиши оқали қўшимча ҳажмларни ўтказиш қобилияти етишмаслиги эҳтимоли юқорилиги таъкидланди.

Жиддий муаммолардан яна бири Каспий денгизи сатҳининг пасайиб бориши натижасида кемалар фақат 65% га юкланиши, портларидаги навбатлар 30 кунгача чўзилиши кузатилаётганлиги маълум қилинди. Шу билан бирга паромларнинг етишмаслиги, айрим темир йўл участкалар ва портларнинг ўтказувчанлик қобилияти чегараланганлиги ва бошқа бир қатор ташкилий омиллар бунга сабаб бўлиши маълум қилинди.

Мазкур масалаларни ҳал этиш ва "Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон" лойиҳасини Ўрта йўлак билан интеграция қилишнинг аниқ режасини ишлаб чиқиш мақсадида транспорт вазирлари ўринбосарлари даражасида ишчи гуруҳ ташкил этишни ва Шарқ-Ғарб йўналишида узлуксиз транспорт ҳаракатини ташкил этиш бўйича узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

 "CASCA+" Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия темир йўллари маъмуриятлари ўртасида халқаро мультимодал транспорт йўналиши ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилган транспорт йўналиши.

Йўналиш 2019 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия томонлари ўртасида Баённома имзолаш орқали ташкил этилган, Туркия томони мазкур йўналишга 2021 йил декабрь ойида қўшилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг