Тошкентда биноларда энергия самарадорлигини ривожлантириш бўйича мулоқот бўлиб ўтди

Тошкентда биноларда энергия самарадорлигини ривожлантириш бўйича мулоқот бўлиб ўтди

Тошкентда биноларда энергия самарадорлигини ривожлантириш бўйича мулоқот бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда энергия аудит ва ESCO бозори (Энергетика хизматлари компаниялари бозори) ривожига бағишланган кўп томонлама мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда давлат ташкилотлари, хусусий сектор, молия институтлари ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ижтимоий бино-иншоотларининг энергия самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Тадбир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан Словакия Республикаси Молия вазирлиги молиявий кўмагида ташкил этилди. 

Тадбир очилишида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори, Зиёвуддин Бадриддинов нутқ сўзлаб, мазкур мулоқот мамлакатимизда энергия самарадорлиги экотизимини шакллантириш ва ижтимоий биноларни модернизация қилишга инвестицияларни жалб этишда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Қарман энергия самарадорлигининг мамлакат ривожи учун стратегик аҳамиятини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда бино-иншоотлар умумий энергия истеъмолининг қарийб 49 фоизини ва СО₂ чиқиндиларининг 22 фоизини ташкил этади. Шу сабабли, мазкур сектор ислоҳотлар учун энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Дастур доирасида Ўзбекистонда энергия аудиторларини сертификатлаш тизими ва ESCO бозори ривожланишининг ҳозирги ҳолати, шунингдек, жамоат биноларида энергия самарадорлиги инвестицияларини ривожлантириш бўйича халқаро тажрибага бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Тадбирнинг иккинчи  қисмида интерактив ишчи сессия муҳокамалари ташкиллаштирилди. Унда иштирокчилар давлат идоралари, хусусий сектор, молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат гуруҳларга бўлиниб, бозор ривожланишини чеклаётган асосий меъёрий, институционал ва молиявий тўсиқларни аниқладилар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий ечимларни таклиф этдилар.

Мазкур мулоқот, шунингдек, халқаро тажрибадан олинган сабоқлар билан ўртоқлашиш, жумладан Словакия Республикасига амалга оширилган ўқув ташрифи натижалари билан танишиш ҳамда манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун платформа вазифасини ўтади. 

Энг муҳими, ушбу тадбир учрашувлар туркумининг биринчиси ҳисобланиб, манфаатдор томонлар ўртасида доимий мувофиқлаштириш, муаммоларни биргаликда ҳал этиш ва барқарор ҳамкорликни таъминлашга қаратилган доимий кўп томонлама мулоқот платформасининг ишга туширилганини англатади.

БМТ Тараққиёт Дастури Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан биргаликда ушбу платформанинг фаол ва натижадор бўлишини таъминлаш, муҳокамалар аниқ амалий ҳаракатлар, ҳамкорлик ва энергия самарадорлиги йўналишида инвестицион лойиҳалар сони ва сифатини кучайтиришнимақсад қилган.

Тадбир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Словакия Республикаси Молия  вазирлиги томонидан молиялаштирилаётган “Энергия аудити – Ўзбекистондаги жамоат биноларининг энергия самарадорлиги салоҳиятини очиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг