Тошкентда 80 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон-Сербия бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкентда 80 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон-Сербия бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 20 февраль куни Тошкентда ИССВ томонидан ташкил этилган Ўзбекистон–Сербия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир икки мамлакатнинг 80 дан ортиқ тадбиркорларини бирлаштириб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳалар бўйича келишишга имкон яратди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда Сербия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт вазири Адриана Месарович ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида ҳамкорлик истиқболлари, ўзаро савдо ҳажмини ошириш чоралари, инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, шартнома-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Пленар сессияда Ўзбекистон–Сербия муносабатларининг стратегик аҳамияти алоҳида таъкидланиб, ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробарга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Савдо ва логистика тўсиқларини бартараф этиш, тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, Бизнес кенгашини ташкил этиш ҳамда Тошкент ва Белград шаҳарларида савдо уйларини очиш масалалари кўриб чиқилди.
Фармацевтика, тўқимачилик ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, энергетика ҳамда IТ йўналишлари кўриб чиқилди.
B2B ва G2B форматидаги учрашувлар доирасида аниқ ташаббуслар ишлаб чиқилиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.