Тошкентда 100 МВт қувватга эга газ-поршенли электр станцияси ишга туширилди
Тошкентда 100 МВт қувватга эга газ-поршенли электр станцияси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Халқаро конгресс марказида Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган тантанали маросимда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида барпо этилган янги газ-поршенли электр станцияси расман ишга туширилди.
Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга замонавий газ-поршенли станция барпо этилди ва унинг иш бошлаши форум доирасида эълон қилинди. Лойиҳа энергия таъминоти барқарорлигини ошириш, табиий газ сарфини қисқартириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Лойиҳа Хитойнинг CNTIC, Vpower Holdings Singapore Pte. Limited ва Cntic Vpower Thermal Energy компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Станция генерация майдонида 70 та когенерацион газ-поршен ускуналари, 70 та иссиқлик алмашинув модуллари ва 35 та трансформатор ўрнатилган. Шунингдек, 110 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш майдонида 2 та куч трансформатори, 9 та элегаз ажраткич, 6 та юқори кучланишни ушлаб турувчи қурилма ва 4 та қўшиб-ажраткич жойлаштирилган.
Янги объект фаолият бошлаши билан 50 та иш ўрни яратилди. Станция йилига ўртача 876 миллион кВт.соат электр энергияси ва 784 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса 15 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида ўртача 365 минг хонадон электр энергияси, 58 минг хонадон эса иссиқлик энергияси билан таъминланлайди. Бу аҳоли турмуш сифатини ошириш, шунингдек, саноат тармоқлари барқарор ишлаши учун муҳим аҳамиятга эга.
Янги станциянинг ишга туширилиши пойтахт истеъмолчиларини электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлашда муҳим қадам бўлиб, энергия самарадорлигини ошириш ва экологик юкламани камайтиришга хизмат қилади.