Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро миллатлараро адоват қўзғатгани учун 3 йилга ҳукм қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий суд интернет орқали Ўзбекистон фуқароларини ҳақорат қилган шахсга нисбатан ҳукм чиқарилганини маълум қилди.
Нурафшон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди қарорига кўра, В.Д. (1999 йилда туғилган, Тошкент вилояти) Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) ва 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) бўйича айбдор деб топилди ҳамда 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Ҳукм тарафларига қонун билан белгиланган тартибда Тошкент вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация шикояти бериш, шунингдек биринчи инстанция ҳукмига нисбатан протест киритиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Ижтимоий тармоқларда «Абдуллох» тахаллуси билан танилган блогер Валерий Югай 2024 йил октябрь–ноябрь ойларида Жанубий Кореяда аҳоли эътиборини тортиш ва аудиториясини кенгайтириш мақсадида видеолар тайёрлаган. Мазкур видеолар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушгач, Югайга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинди. 2025 йил март ойида у Абу-Дабида қўлга олинди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Тергов жараёнида блогер ўз айбини тўлиқ тан олди ва ҳамюрталари олдида узр сўради.