Тошкент вилоятида хитойлик инвесторлар билан қўшма қишлоқ хўжалиги лойиҳалари бошланди
Тошкент вилоятида хитойлик инвесторлар билан қўшма қишлоқ хўжалиги лойиҳалари бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев қишлоқ хўжалиги ва биотехнология соҳасида муваффақиятга эришган хитойлик тадбиркорларни қабул қилди.
Учрашув аввалида ҳар икки томон Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ўзаро савдо алоқалари, иқтисодий ва инвестисиявий ҳамкорлик борасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар бўйича фикр алмашди.
Мулоқот давомида бир қанча йўналишларда қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Хусусан, хитойлик ишбилармонлар томонидан Ўзбекистон иқлим шароити ва атмосфера ҳавосидан келиб чиққан ҳолда экологик тоза ва энерготежамкор иссиқхоналарни барпо этиш таклифи илгари сурилди.
Мазкур иссиқхонанинг афзаллиги шундаки, унда ҳеч қандай ёқилғи ёқишга ҳожат қолмайди. Иссиқхона қуёш энергияси орқали иситилиб, беш қаватдан иборат иссиқлик сақловчи материал билан қопланади. Бу эса, қишнинг энг совуқ кунларида ҳам +5°С ҳароратни сақлаб туриш имконини беради. Қурилиш материаллари ҳам экологик тоза ва узоқ муддатга чидамли ҳисобланади.
Бу технологиялар вилоятда йил давомида сифатли сабзавот ва меваларни етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш ва ички бозордаги нарх барқарорлигини сақлашда муҳим омил ҳисобланади.
Хитойлик тадбиркорларнинг навбатдаги таклифи пиллачиликда мутлақо янги, меҳнат сарфини камайтирувчи технологияни жорий этиш бўлди. Яъни, ёввойи пилла қуртини махсус хонадон шароитида эмас, балки оддий кўча шароитида, фақат дарахтларда боқиш орқали юқори маҳсулдорликка эришиш мумкинлиги маълум қилинди.
Бу усул тарқоқ аҳоли пунктларида, хонадонлар кесимида ва кичик ҳажмдаги боғларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги, бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад манбаини яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Бундан ташқари хорижлик инвесторлар Тошкент вилоятининг иқлим шароити учун мослаштирилган, қишлоқ хўжалигида зарур инновасион биопрепаратлар тақдимотини ҳам намойиш қилди.
Таъкидланишича, мазкур препаратлар ўсимликларда илдиз системасининг ўсишини тезлаштириши, касалликлар ва стресс омилларга чидамлиликни ошириши ҳамда умумий ҳосилдорликни 20 фоизгача кўтариши мумкин.
Учрашув якунида томонлар ҳар учала йўналиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, лойиҳаларнинг техник–иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва Тошкент вилоятининг тегишли туманларида пилот лойиҳаларни бошлашга келишиб олишди.