Тошкент вилоятида прокуратура ходими пора олишда гумон қилиниб ҳибсга олинди
Тошкент вилоятида прокуратура ходими пора олишда гумон қилиниб ҳибсга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида пора олишда гумон қилинган прокуратура ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Тошкент вилояти прокуратурасининг девонхона нозири Ўртачирчиқ туманидаги якка тартибдаги тадбиркорга тегишли савдо дўконида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати бўйича аниқланган 276 млн сўмлик жаримани ваколатли танишлари орқали бартараф этиб бериш ва унга нисбатан чора кўрилмаслигини таъминлаш эвазига 9 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Шунингдек, девонхона нозири ҳозирда Наманган шаҳридаги нуфузли олийгоҳда ўқиётганлиги боис, талаб этилган пулни шу жойга олиб келиб беришни сўраган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у 9 минг АҚШ долларини Наманган вилоятида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан ушбу шахс ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, девонхона нозирига нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳурматли фуқаролар кундалик ҳаётда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.