Тошкент вилоятида Малайзиядан келтирилган интеллектуал қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишга бағишланган сайёр семинар бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ёндашувлар ва илғор хорижий технологиялар тобора кенг миқёсда жорий этилмоқда. Тошкент вилояти Янгийўл туманида ўтказилган дала семинари бунинг яққол исботидир.
Унда Малайзиянинг “Мерақуэ Гроуп Сдн Бҳд” компанияси томонидан ишлаб чиқилган АГВ туридаги ақлли техника — “РАСE Алпҳа 350” ҳайдовчисиз бошқарув воситаси дала шароитида синовдан ўтказилди ва кенг жамоатчиликка таништирилди.
Мазкур техника Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг самарали натижаси бўлиб, жорий йилнинг февраль ойида Малайзия давлатига амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида имзоланган битимлар доирасида татбиқ этилмоқда.
Унга кўра, “Мерақуэ Гроуп” компанияси ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ақлли техникалар ва дронларни маҳаллийлаштириш асосида ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилган эди.
Бугунги кунда ушбу келишувларнинг амалий босқичлари изчил давом этмоқда. Хусусан, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти билан биргаликда ақлли қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, мутахассислар тайёрлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда ақлли техникалар ва дронлар билан ишловчи мутахассисларни тайёрлаш бўйича қўшма ўқув дастури яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Амалий ҳамкорликнинг натижаси сифатида ўтказилган бугунги дала семинари ҳам ана шу йўналишдаги ютуқларнинг амалий ифодасига айланди. Тадбирда вазирлик вакиллари, илмий ходимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, боғбонлар, деҳқонлар ҳамда соҳа мутасассислари иштирок этдилар.
Малайзия мутахассислари томонидан “РАСE Алпҳа 350” техник воситаси амалда синовдан ўтказилди. Қурилма сунъий интеллект, аниқ навигация тизими ва самарали пуркагич билан жиҳозланган бўлиб, дала ишларида инсон омилини камайтиради ва меҳнат унумдорлигини бир неча баробарга оширади. Энг эътиборлиси, техника 10 гектар майдонда ишлаш учун атиги 3 литр бензин сарфлайди. Барча жараёнлар махсус мобил илова орқали бошқарилади — бу эса ўғит, ёқилғи ва вақтни тежаш имконини беради.
Семинар иштирокчилари — олимлар, фермерлар ва талабалар бундай ақлли техникалар Ўзбекистон шароитида самарали қўлланиши мумкинлигини эътироф этдилар. Уларнинг таъкидлашича, бу каби технологиялар экологик барқарорликни таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, тадбир давомида ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган маҳаллий инновацион ишланмалар ҳам намойиш қилинди.