Тошкент вилоятида алкоголь маҳсулотларни реклама қилган компания жаримага тортилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқларида ҳамда ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган реклама материалларининг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мослиги юзасидан тизимли равишда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш ишлари натижасида, вилоятда фаолият олиб борувчи “LUTFILLA FAYZ” МЧЖ томонидан алкоголь воситалари рекламасини қўйиш ҳолатлари аниқланди. Бу эса “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 38-моддасига асосан, ҳар қандай қувватдаги алкоголь маҳсулотларининг рекламасига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилиши аломатлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомига мувофиқ “LUTFILLA FAYZ” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.