Валюта курслари 22/01/2026
$1 – 12122.07
UZS – 0.4%
€1 – 14187.67
UZS – 0.21%
₽1 – 156.39
UZS – 0.79%
Қидириш
Тошкент вилояти ва Полша иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент вилояти ва Полша иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент вилояти ва Полша иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Полша Республикаси билан халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантиришда давом этмоқда

Президентимиз раислигида 2026 йил 15 январь куни бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида амалий ҳаракатлар давом этмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Варшава шаҳридаги элчихонаси кўмагида Тошкент вилояти ҳокимининг ёрдамчиси Дилшод Расуловнинг Полша Республикасига сафари ташкил этилди.

Сафар доирасида Полша Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш миллий маркази (Krajowy Ośrodek Wsparcia Rolnictwa – KOWR) бош директори ўринбосари Луциан Зволак билан учрашув ўтказилди.

Музокаралар чоғида томонлар 2025 йил 26–28 ноябрь кунлари Полша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш вазири С. Краевски бошчилигидаги ҳамда КОВР бош директори Х. Смоларж иштирокидаги бизнес делегациянинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган ташрифини юқори баҳоладилар.

Учрашувда мазкур ташриф доирасида эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш, сақлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Шунингдек, агросаноат соҳасида кооперацияни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда логистика занжирларини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сафар давомида KOWR тасарруфидаги Лодзь воеводалиги Регнув гминаси ҳудудида Ўзбекистон учун ажратилган логистика маркази (хаб)нинг амалий имкониятлари жойига чиққан ҳолда  ўрганилди.

Мазкур инфратузилма Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига тезкор ва самарали етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Сафар доирасида, шунингдек,  Подкарпат воеводлигида фаолият юритувчи нуфузли “Impel Group”, “Liderzy Nieruchomosci”, “Dreyzac”, “Brigante”, “Yoshi Innovation” компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент вилоятида сармоявий  муҳитни янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда инвестисия учун устувор йўналишлар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар тақдим этилди.

Хусусан, мамлакатнинг олис ҳудудларида газдан  барқарор электроэнергия ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий тиббий клиникаларни барпо этиш бўйича истиқболли  лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестисия лойиҳаларини жойида ўрганиш ҳамда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2026 йил февраль ойида Полша компанияларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур ташриф доирасидаги учрашув ва мулоқотлар  ҳудудлар даражасида аниқ иқтисодий лойиҳаларни шакллантириш ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришда яна бир муҳим қадамдир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг