Тошкент вилояти ва Панжоб ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент вилояти ва Панжоб ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу кунларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси амалий ташриф билан Покистон Ислом Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида қатор муҳим учрашув ва мулоқотлар, бизнес анжуманлар кўзда тутилган.
Делегациямиз дастлаб гўзал ва тарихий Лаҳор шаҳрида Покистон Мусулмон Лигаси етакчиси Муҳаммад Навоз Шариф ҳамда Панжоб вилояти бош вазири Марям Навоз Шариф билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Президентининг шу йил февраль ойида Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғидаги Олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар Ўзбекистон – Покистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестисия, транспорт, логистика ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришда яна бир муҳим қадам бўлди.
Учрашувда томонлар Тошкент вилояти ва Панжоб вилояти ўртасидаги ҳамкорликни “биродар ҳудудлар” сифатида ривожлантиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм, чорвачилик тармоғи, чарм саноати ва инвестисиялар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари, ҳамда маданий ташаббусларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мезбон тараф Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга самимий қизиқиш билдириб, Зойир Мирзаев томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади.
Ўз навбатида, Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ўзаро манфаатли инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш, бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаб, Панжоб вилояти бош вазирини ҳудудимизнинг инвестисиявий, саноат ва туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш учун ўзига қулай бўлган вақтда вилоятимизга таклиф этди.
Тошкент вилояти делегациясининг Покистон Ислом Республикасига сафари давом этмоқда.
Лаҳор шаҳри Савдо-саноат палатасида Покистон-Ўзбекистон бизнес форумининг очилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти делегацияси иштирок этди.
Форумда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев нутқ сўзлаб, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Форум доирасида Тошкент вилоятининг инвестисион салоҳияти, саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика ва қайта ишлаш тармоқларидаги имкониятлари тақдим этилди.
Покистонлик тадбиркорлар вилоятда яратилган қулай инвестисия муҳити, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имкониятлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент вилоятида покистонлик инвесторлар иштирокида 22 та қўшма корхона фаолият юритаётир. Ушбу корхоналар томонидан вилоят иқтисодиётига 200 миллион доллардан ортиқ хорижий инвестисиялар киритилган бўлиб, уларда йилига қарийб 300 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда ва 1500 га яқин янги иш ўринлари яратилган.
Шунингдек, 2025 йилда Тошкент вилоятининг 9 та тадбиркорлик субъекти томонидан Покистонга 3,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, улар орасида ип-калава, дуккакли ва мойли экинлар ҳамда саноат маҳсулотлари мавжуд.
Тошкент вилоятида Покистон инвестисияси иштирокида умумий қиймати 38 миллион доллар бўлган фармасевтика, ипакчилик ва гугурт ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна учта лойиҳа жорий йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Таъкидланганидек, бизнес-форум икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестисия лойиҳаларини шакллантириш ҳамда саноат кооперациясини кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Ташриф дастурига мувофиқ, делегация аъзолари қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказди.
Жумладан, «Zarea» компанияси раҳбари Али Алам Қамар, "Royal Leather Industries” компанияси раҳбари Малик Муҳаммад Азам, “Hawk Fire Industries” компанияси раҳбари Кашиф Раза билан учрашувларда манфаатли ташаббуслар ўртага ташланиб, амалий ҳамкорлик юзасидан дастлабки муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, электрон савдо платформаларидан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт алоқаларини кенгайтириш, шунингдек логистика ва агробизнес соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, чармни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорларга экспорт қилиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш, Тошкент вилоятида чарм-пойабзал саноатини ривожлантиришга қаратилган инвестисия лойиҳалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Делегациямиз Лаҳор шаҳрида фаолият юритаётган Ўзбекистон савдо уйи фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур савдо майдони орқали Ўзбекистон маҳсулотларини Покистон бозорида кенг тарғиб қилиш, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.