Тошкент вилояти Жанубий Корея билан биргаликда яшил энергияни ривожлантирмоқда
Тошкент вилояти Жанубий Корея билан биргаликда яшил энергияни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Жанубий Кореянинг “Enersolar Group” компанияси вакиллари ҳамда Корея Республикаси Президентининг фахрий маслаҳатчиси, Кореялараро тинчлик конференцияси раиси Ли Хе Хак билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар «яшил» энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Тошкент вилоятидаги ижтимоий таъминот муассасалари ҳамда этник корейслар истиқомат қиладиган эҳтиёжманд ҳудудларда қуёш энергетикаси тизимларини бепул ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Мазкур ташаббус доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди.
Даставвал вилоят ҳокими, мамлакатимизда «яшил» энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда ушбу йўналишда очилаётган янги имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, “Энерсолар Гроуп” компанияси вакиллари томонидан юқори самарали қуёш энергетикаси ускуналари юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Унда замонавий қуёш панелларининг юқори энергия самарадорлиги, узоқ муддат хизмат қилиши, турли иқлим шароитларига мослашувчанлиги ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Томонлар келгусида нафақат ускуналарни ўрнатиш, балки уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида техник хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш, шу билан бирга, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.
Зойир Мирзаев ўз навбатида, бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика соҳасида сервис хизматларини ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шу боис, инвесторлар билан ҳамкорликда ушбу йўналишда замонавий билим ва тажрибаларни жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, «яшил» энергетика лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида келишувга эришдилар.