Тошкент вилояти делегацияси россиялик фермерларнинг ғалланинг янги навларини етиштириш тажрибасини ўрганди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хуршид Қорабоев бошчилигидаги делегация Россиянинг бир қатор ҳудудларида хизмат сафарида бўлиб турибди. Мақсад — уруғчилик борасидаги илғор технологиялар, янги навлар яратиш тажрибаси ва уларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари билан яқиндан танишишдан иборат.
Дастлаб, делегация аъзолари Краснодар шаҳридаги “P.P. Лукяненко” номидаги бошоқли дон миллий марказида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, уруғчилик лабораториялари фаолияти, юқори ҳосилдор навлар селекцияси ва уларни синовдан ўтказиш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, амалий тажриба алмашиш мақсадида қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.
2026 йил учун вилоятда жами 8320 гектар майдонда уруғлик ғалла етиштириш режалаштирилган бўлиб, шундан 4910 гектарига иқлим шароитига мос, юқори ҳосилдор ва янги авлод навларини экиш кўзда тутилган. Шу мақсадда жами 945 тонна уруғлик дон харид қилиниши режалаштирилган бўлиб, бу умумий эҳтиёжнинг 59 фоизини ташкил этади. Ҳозиргача 1725 гектар майдон учун 385 тонна уруғликка шартномалар тузилди.
Ушбу уруғлар вилоятга олиб келиниши ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳамда фермер хўжаликлари ўртасида тақсимланиши режалаштирилган.