Тошкент вилояти делегацияси Бошқирдистон Республикаси билан саноат мулоқотини кенгайтирмоқда
Тошкент вилояти делегацияси Бошқирдистон Республикаси билан саноат мулоқотини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти делегациясининг Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасига хизмат сафари давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги соҳавий раҳбарлар, ишбилармон доира вакилларидан иборат гуруҳнинг кун тартиби самарали учрушув ва мулоқотларга бой бўлмоқда.
Хусусан, мезбон мамлакатнинг «BIT» компаниялар гуруҳи таркибидаги «ElKom» масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиниб, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишилди ҳамда компания мутасаддилари билан учрашув ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур жамият 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, электр тақсимлаш ва бошқарув ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат корхонаси ҳисобланади. Компания листли металлдан электр шкафлари ва турли хил металл корпуслар, шунингдек, мижозлар буюртмалари асосида ускуна, механизм ва эҳтиёт қисмлар тайёрлайди.
Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ цикл асосида йўлга қўйилган бўлиб, металлни кесиш ва шакл беришдан тортиб, роботлаштирилган пайвандлаш, кукунли бўёқ билан қоплаш ва йиғиш ишларигача бўлган босқичларни қамраб олади. Барча асосий операциялар замонавий дастгоҳларда амалга оширилади. Корхонанинг тайёр ва бутловчи қисмларига талаб ва эҳтиёж нафақат мамлакат, балки хорижда ҳам катта.
Мулоқот давомида икки томонлама саноат кооперациясини йўлга қўйиш, электротехника ва металлни қайта ишлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бу жараёнда тарафлардаги мавжуд имконият ҳамда ресурслардан кенг фойдаланиш масалалари ўртага ташланди.
Шунингдек, инвестисиявий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳам йўналишлар белгилаб олинди.
Ташриф якунлари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш ва ҳудудлар ўртасида саноат алоқаларини янги босқичга кўтаришга келишиб олинди.
Мазкур учрашув Тошкент вилояти ва Бошқирдистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам сифатида қайд этилди.